Давлатимиз раҳбари таклифига кўра, расмий ташриф билан мамлакатимизга келган Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелла бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева ҳамроҳлигида бугун Самарқанд шаҳридаги тарихий обидаларни томоша қилди.

Дунё тарихчилари, шарқшунослар тилида шундай гап бор:  Ғарбда Рим, Шарқда Самарқанд. Бу билан икки минтақа цивилизацисида ушбу икки қадимий шаҳар қанчалик муҳим рол ўйнагани эътироф этилади. Ҳалигача Ўзбекистон ва Италия тарихчилари, археологлари Самарқанд ва Рим мисолида давлатлар ўртасидаги алоқалар ўтмиши билан қизиқади, бу борада тадқиқотлар олиб борилади. Шу жиҳатдан Италия Президентининг юртимизга  расмий ташрифи доирасида Самарқандда бўлиши ва бу ердаги тарихий-маданий  ёдгорликлар билан танишиши бежиз эмас.

Юқори мартабали меҳмонлар дастлаб Регистон майдонида бўлди. Мажмуадаги уч улуғвор обида – Мирзо Улуғбек,  Шердор ва Тиллакори мадрасаларининг бунёд этилиши ва бир неча асрдан буён безавол сақлаб келинаётгани Италия делегацияси аъзоларида ҳайрат ва ҳавас уйғотди.

Италия делегацияси Мирзо Улуғбек  мадрасасида  юртимиз таълим тарихига оид кўргазма билан яқиндан танишди.

Шердор мадрасасида эса Самарқанд туманида жойлашган илк ўрта асрларга оид Кофирқалъа археологик объектида италиялик археологлар билан ҳамкорликда олиб борилаётган тадқиқот ишлари давомида топилган ашёлар намойиш этилди. Йигирма йилдан буён фаолият олиб бораётган мазкур қўшма экспедициянинг режалари ҳақида маълумот берилди.

Илк ўрта асрларга оид Кофирқалъа археологик ёдгорлиги  Самарқанд ҳукмдорларининг шаҳар ташқарисидаги қароргоҳи бўлган.

Италия Президенти экспедиция ишига юқори баҳо бериб,  муваффақият тилади.

Делегация танишган кейинги объект  Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуаси бўлди. Бу қутлуғ қадамжо Самарқанддаги энг қадимий обидалардан бири ҳисобланади. Саҳоба Қусам ибн Аббос ва заминимизда етишиб чиққан улуғ алломалар мақбараларидан иборат мажмуа архитектура ва безак санъатининг бир неча асрлик анъаналарини ўзида акс эттирган. Айниқса, Амир Темур ва темурийлар даврида бир қатор иншоотлар қурилиб, обод қилинган. Шоҳи Зинда 2001 йилда ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Меҳмонларга мажмуа тарихи ва бугунги кунда уни асраб-авайлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелла Самарқанддан Урганч шаҳрига жўнаб кетди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари