10 ноябрь куни «Кўксарой» қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлиб турган Италия Республикаси Президенти Сержо Маттареллани расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Қароргоҳ олдидаги майдонда фахрий қоровул саф тортди.

Италия Президенти ва унинг қизи – мамлакат биринчи ледисини Ўзбекистон Президенти ва рафиқаси самимий қарши олдилар.

Ҳарбий оркестр икки давлат мадҳияларини ижро этди.

Давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелла «Кўксарой» қароргоҳида икки томонлама музокара ўтказдилар.

Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари олий мартабали меҳмонни самимий қутлаб, Италия Президентининг ушбу ташрифи икки томонлама муносабатлар ривожида муҳим воқеа эканини таъкидлади.

Сержо Маттарелла Ўзбекистон етакчисига таклиф ҳамда Италия делегациясига кўрсатилаётган меҳмондўстлик учун дилдан миннатдорлик билдирди.

Италия Президенти Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотларни қатъий қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлади ҳамда мамлакатимизнинг Марказий Осиёда барқарорликни таъминлаш ва интеграциялашувни кучайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади.

Икки томонлама стратегик шерикликни ва устувор йўналишлардаги кўп қиррали муносабатларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Президенти жорий йил июнь ойида Италияга амалга оширган расмий ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат раҳбарлари парламентлар ва ташқи сиёсий идоралар ўртасидаги фаол мулоқотларни давом эттириш муҳим эканини айтдилар.

Келгуси йилда ташқи сиёсий идоралар раҳбарлари даражасидаги Стратегик мулоқотнинг биринчи йиғилишини ўтказишга келишиб олинди.

“Марказий Осиё – Италия” мулоқоти доирасида ҳам фаол алоқалар давом эттирилади.

Иқтисодий ҳамкорлик соҳасида жорий йил бошидан ўзаро товар айирбошлаш 30 фоизга ошди. Қўшма лойиҳалар портфели 9 миллиард еврони ташкил этди.

Савдо муносабатларини янада ривожлантириш мақсадида Савдога кўмаклашиш комплекс дастурини ишлаб чиқиш таклиф қилинди.

Италиянинг етакчи компаниялари билан металлургия, энергетика, электротехника, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда муваффақиятли кооперация қилинаётгани қайд этилди.

Мамлакатимиз миллий иқтисодиётни модернизация қилиш лойиҳаларида Италиянинг илғор ва юқори технологик компанияларини жалб қилишдан манфаатдор экани билдирилди.

Томонлар Тошкент шаҳрида саноат кооперациясини чуқурлаштиришга хизмат қиладиган “Конфиндустрия Ўзбекистон” саноатчилар уюшмаси очилганини олқишладилар.

Ҳукуматлараро гуруҳ доирасида маҳаллийлаштиришнинг янги йўналишлари ва лойиҳалари бўйича таклифлар тайёрлашга келишиб олинди.

Италия Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига тез фурсатда киришини ҳамда Европа Иттифоқи билан кенгайтирилган шериклик тўғрисидаги битимнинг қабул қилишини қўллаб-қувватлашга тайёрлиги билдирилди.

Икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни рағбатлантириш муҳимлиги қайд этилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон ва Италия ҳудудлари форумини таъсис этиш ва унинг илк учрашувини келгуси йили Самарқандда ўтказиш таклиф қилинди.

Бундан ташқари, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

Тошкентдаги Турин политехника университети филиалининг фаолияти бу борадаги муваффақиятли шерикликка мисол экани қайд этилди.

Ушбу етакчи олий таълим даргоҳи негизида Италиянинг илғор технологиялари трансфери маркази ташкил этилади.

Ўзбекистонда итальян тилини ўрганишга қизиқиш ўсиб бораётгани мамнуният билан таъкидланди. Мактабларимизда итальян тили ўқитувчиларини тайёрлаш ва мактабларимизда уни ўқитишни босқичма-босқич жорий қилиш муҳимлиги ҳақида якдил фикр билдирилди.

Шунингдек, Италияда қўшма тасвирий санъат кўргазмаларини ўтказиш режалари муҳокама қилинди.

Халқларимиз бир-бирининг бой ва бетакрор маданий-тарихий мероси билан танишиши учун мамлакатларимизда Ўзбекистон ва Италия маданият, кино ва туризм кунлари ўтказилади.

Самарқанд археология институти ҳамда Болонья ва Неаполь университетларининг қўшма гуруҳи томонидан олиб борилаётган археология изланишлари юксак баҳоланди.

Давлат раҳбарлари академик алмашинувларни кенгайтириш ҳамда қўшма Таълим форумини ўтказиш зарурлигини алоҳида таъкидладилар.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, хавфсизликка умумий таҳдид ва хатарларга қарши курашишдаги ҳамкорликни давом эттириш юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелланинг музокаралари якунида икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришга қаратилган Қўшма баёнот қабул қилинди.

Давлат раҳбарлари ҳузурида Дипломатик паспорт эгаларини виза тартиб-таомилларидан озод этиш тўғрисида Ҳукуматлараро битим ҳамда таълим, фан, технология ва инновациялар, спорт соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишувлар имзоланди.

Ўзбекистон – Италия саммити дастури доирасида Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Сержо Маттарелла дарахт экиш маросимида иштирок этдилар.

“Кўксарой” қароргоҳидаги Фахрий меҳмонлар хиёбонида давлат раҳбарлари биргаликда арча экдилар. Бу халқларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик муносабатлари мустаҳкамланиб, Ўзбекистон ва Италиянинг кўп қиррали ҳамкорлиги ва стратегик шериклиги кенгайиб бораётганининг рамзи бўлади.

Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелла Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюрди.

Бу ерда олий мартабали меҳмон Мустақиллик монументи пойига гул қўйди.

Уч минг йилдан зиёд давр – она Ватанимиз ҳудудидаги миллий давлатчилик тарихи илдизлари шу қадар теран. Монументга эътибор қаратган киши мана шу залворли ўтмишнинг бадиий ифодасига гувоҳ бўлади. Меҳмонга мажмуада ифодаланган ана шу тарих, унинг мазмуни ҳақида сўзлаб берилди.

Олий мартабали меҳмонлар, расмий хорижий делегацияларнинг мамлакатимизга ташрифи доирасида бу ердаги монументга гул қўйиш анъанага айланган.

Делегация аъзолари мажмуада акс эттирилган алломалар, буюк саркарда ва жаҳонгирлар, жадид боболаримизнинг сиймоларига алоҳида эътибор қаратди. Тинчлик, эркинлик, эзгулик тимсоли бўлган Ҳумо қуши тасвири мажмуанинг бамисоли гултожидай кўриниши эътироф этилди.

Олий мартабали меҳмон Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети фаолияти билан ҳам танишди.

Ушбу олий таълим муассасаси Италиянинг Турин политехника университети билан ҳамкорликда ташкил этилганига ўн тўрт йил бўлмоқда. Муассасада ўтган даврда автомобилсозлик, энергетика саноати, архитектура каби соҳаларга кўплаб малакали кадрлар тайёрланди.

Таълим тизимидаги бундай ютуқ қайд этилишининг асосий омиллардан бири Ўзбекистон ва Италия ўқув дастурлари орасидаги тафовутлар уйғунлаштирилганидир. Шунингдек, таълим жараёнига замонавий методлар татбиқ этилганида дейиш мумкин.

Италия Республикаси Президенти Сержо Маттареллага кейинги йилларда мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилаётган натижалар ҳақида маълумот берилди.

Айни пайтда бу ерда 2 минг нафардан ортиқ ёшлар таълим олмоқда. Битирувчилар бир пайтнинг ўзида иккита – Италиянинг Турин политехника университети ва Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети дипломига эга бўлади.

Шу ўринда Италиянинг Турин политехника университети ҳақида қисқача маълумот келтириб ўтамиз. Ушбу таълим муассасаси 1859 йил ташкил этилган. У Европанинг энг илғор техника университетларидан бири саналади. Таълим жараёни илмий ва амалий тадқиқот билан фаол равишда бирга олиб борилиши билан ажралиб туради. У ўн саккиз факультет ва кўплаб йирик автомобиль ҳамда бошқа корхоналар учун асосий илмий-тадқиқот маркази бўлган лабораторияларни ўз ичига олади.

Пойтахтимиздаги Турин политехника университети мана шундай тарихий ривожланиш босқичларига эга муассаса билан доимий ҳамкорлик қилади.

Ўзбекистонда халқаро эътирофдаги, замонавий талабларга мос келувчи таълим даргоҳининг очилгани кўплаб ёшларимизнинг тегишли соҳаларда ўз имкониятларини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамиятга эга.

Бугунги кунда мазкур университетни ривожлантириш бўйича тегишли стратегия ишлаб чиқилган. У бўйича келгусида янги таълим йўналишларини очиш, талабалар қабулини кўпайтириш режалаштирилган. Автомобилсозлик, қурилиш ва энергетика саноатида замонавий билим ва кўникмаларга эга малакали кадрларни тайёрлаш мақсадида жаҳоннинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшимча факультетлар ташкил этилади.

Таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимлиги ҳақида фикрлар билдирилди.

Олий мартабали меҳмон шу куни ташриф дастури доирасида Самарқанд шаҳрига келди.

Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелланинг мамлакатимизга расмий ташрифи давом этмоқда.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

ЎзА мухбирлари