Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелла 9 ноябрь куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.

Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.

Эслатиб ўтамиз, давлатимиз раҳбари 2023 йил 7-9 июнь кунларида Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелланинг таклифига биноан ушбу мамлакатга борган эди.

Президентимиз Римда Италия Президенти Сержо Маттарелла ва Бош вазири Жоржа Мелони билан самарали музокаралар ўтказган эди. Унда икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида қўшма декларация қабул қилинган.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Италия ўртасида сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт, энергетика, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик фаоллашди. Натижада Италия Ўзбекистоннинг Европадаги муҳим ва ишончли шерикларидан бирига айланди.

Ташриф доирасида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади.

Кун тартибидан Ўзбекистон билан Италия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва устувор йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Икром АВВАЛБОЕВ, Носиржон ҲАЙДАРОВ(сурат), ЎзА