“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ижтимоий соҳаларни ривожлантириш устувор вазифа этиб белгиланган. Шу боис, 2024 йил учун Давлат бюджети лойиҳасини шакллантиришда бу соҳаларга ҳам алоҳида аҳамият қаратилган.

Хусусан, келгуси йил инсон капиталини ривожлантириш учун қарийб 103 триллион сўм йўналтириш мўлжалланмоқда. Ажратилган ушбу маблағ умумий бюджет харажатларининг 33 фоизини ташкил этади. Мактабларни қуриш ва реконструкция қилиш учун 4,1 триллион сўм ажратилиши белгиланмоқда. Қонун лойиҳаси билан олий таълим муассасалари учун келгуси йил бюджетидан 3,9 триллион сўм, таълим кредити учун 2,2 триллион сўм ажратилади.

Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш соҳаси учун 2024 йилда дори воситалари, тиббиёт буюмлари, вакцина ва бакпрепаратлар учун жорий ва давлат дастурларида назарда тутилган харажатлар билан биргаликда 3,8 триллион сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида янги ташкил этилган Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси маблағларини шакллантириш учун 530 миллиард сўм маблағ ажратиш режалаштирилган. Ушбу маблағлар тиббиёт муассасаларини рақамлаштириш, иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ва бошқа тадбирлар учун йўналтирилади.

Бу ҳақда парламент қуйи палатасининг мажлисида 2024 йилги Давлат бюджети лойиҳаси муҳокамаларида айтиб ўтилди.

М.Комилова, ЎзА