Қарши шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтмоқда.

Йиғилишда вилоят ёшлари билан ишлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда вилоятда янги пайдо бўлган электротехника, озиқ-овқат ва қурилиш материаллари каби соҳалар учун кадрлар тайёрлаш яхши йўлга қўйилмагани кўрсатиб ўтилди.

Масалан, Қарши шаҳридан ташқари бошқа бирорта туманда IT марказлар фаолияти йўлга қўйилмаган. Ваҳоланки, 60 та коллежда бўш турган 28 минг квадрат метр майдонда ҳам ишлаб чиқариш, ҳам амалий таълимни йўлга қўйса бўлади.

Ана шундай бўш турган бино негизида китоблик тадбиркор IT кластер ва университет очиш ташаббуси билан чиққан. Президент бу таклифни маъқуллади.

Вилоят ва туман ҳокимларига ҳар бир тумандаги иш берувчиларнинг ўрта бўғин мутахассисларига эҳтиёжини аниқлаш, коллеж ва техникумлар йил давомида қайси касб бўйича нечта мутахассис тайёрлаши лозимлигини белгилаб бериш ҳамда таълим муассасаларида иш берувчиларнинг амалий устахонаси ва цехларини очиш топширилди.

ЎзА