Келгуси йилда Қашқадарёда экин майдонларининг агрокимёвий тупроқ таҳлилини ўтказадиган 10 та мобиль лаборатория ташкил қилинадиган бўлди.

Қарши шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган йиғилишда шу ҳақда маълум қилинди.

Яна бир масала – вилоятда 1,4 миллион гектар яйлов бор. Бу – 7 миллион бош қорамол ва қуй-эчки учун табиий озуқа базаси.

Лекин, Миришкор, Муборак ва Нишонда 20 фоиз яйлов деградацияга учраган, яна 25 фоизида яшил қоплама йўқ.

Шу боис, келгуси йилда 100 минг гектар яйловни яшил экинлар билан қоплаш дастурини амалга ошириш вазифаси қўйилди.

Бунда қурғоқчилик, иссиқ ва чўлланишга қарши уруғчилик хўжаликлари ташкил қилинади, мева-сабзавот ва доривор ўсимликлар экилади, кўп йиллик дарахтзорлар барпо қилинади, сув тежовчи технологиялар жорий этилади ҳамда қуёш энергиясида ишлайдиган насослар ўрнатилиб, ёмғирлатиб суғориш пилот лойиҳаси ишга туширилади.

Бундан ташқари, Чорва моллари генетик тадқиқоти лабораторияси ташкил қилиниб, Испаниянинг “Ассаф” қўйларидан янги миллий зотлар кўпайтирилади.

Мутасаддиларга 1,4 миллион гектар яйловнинг электрон харитасини яратиш ва 100 минг аҳолини банд қилиш бўйича топшириқлар берилди.

ЎзА