Тошкентда республика миқёсида ўтказиладиган “Ҳаёт улаш” хайрия акцияси бошланиши юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Акция “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ташаббуси бўлиб, унинг доирасида бизнес ҳамжамият ва тадбиркорлар билан биргаликда Ўзбекистоннинг чекка маҳаллаларидаги аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсад қилинган.

Дунёнинг кўплаб давлатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам ичимлик суви танқислиги долзарб муаммолардан бири. Бугунги кунда республикамиз аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 74,4 фоизни ташкил этади. Айрим вилоятларда бу кўрсаткич 60 фоиздан кам.

Аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш масалалари давлат раҳбарининг доимий эътиборида. Маълумотларга кўра, сўнгги 6 йилда ичимлик суви соҳасига давлат бюджетидан 14 триллион 500 миллиард сўм ёки олдинги даврга нисбатан 6 баравар кўп маблағ ажратилган. 31 минг километр ичимлик суви ва оқова тармоқлари ўтказилган. Бу ишлар натижасида 1 000 та маҳалладаги 6,5 миллион аҳоли яшайдиган хонадонларга илк бор тоза ичимлик суви кириб борди.

Бироқ ҳали 30 та туман ва 1 минг 400 та маҳаллада ичимлик суви таъминотини яхшилаш талаб этилади.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан маъсул давлат идоралари иштирокида республикамизнинг 14 та ҳудудидаги ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ вазият, қудуқ қазиш, фильтр ўрнатиш ишлари ўрганилди. Сув чиқариш мумкин бўлган бирламчи рўйхат шакллантирилди.

Матбуот анжуманида “Ҳаёт улаш” акциясига дастлаб Хоразм вилоятида старт берилиши, октябрь ойи давомида сув чиқариш ишлари Навоий ва Сурхондарё вилоятларида давом эттирилиши маълум қилинди.

Биринчи босқичда ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган тадбиркорлар, ҳомийларнинг хайрия маблағлари сарфланади. Натижада 9 минг 700 дан зиёд аҳоли обиҳаётдан баҳраманд бўлиш имконига эга бўлади. Кейинги босқичларда бошқа ҳудудларни ҳам қамраб олиш режалаштирилган.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Жиззах, Бухоро вилоятларининг чекка қишлоқларида сув манбаларини топиш ишлари якунига етган.

Шу тариқа, хайрия акцияси давомида жами 40 мингга яқин аҳолига ичимлик суви етказиб берилиши кўзда тутилган.

ЎзА