Ҳуқуқий муносабат

Мамлакатимизда 2023 йил 15 октябрдан бошлаб “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилмоқда. Мазкур марказларга муайян яшаш жойига эга бўлмаган ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига кўмак бериш учун бир қанча ваколатлар берилди.

Бу борада Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси раҳбари Отабек Нарзиев батафсил маълумот берди.

– 2023 йил 2 октябрда ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасида ташкил этиш, ижтимоий хизмат ва ёрдамларни комплекс ёндашув асосида кўрсатиш, аҳоли оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш, шунингдек, ижтимоий ҳимоянинг манзиллилиги ва самарадорлигини ошириш ҳамда аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами ижтимоийлашувини таъминлаш мақсадида Президентимизнинг “Аҳолига ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унда яшаш жойига эга бўлмаган ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли олти ой муддатгача вақтинча уй-жойга жойлаштирилиши тартиби белгиланди.

Унга кўра, 2023 йил 15 октябрдан бошлаб дастлаб 28 та туман (шаҳар)ларда эксперимент тариқасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ва ижтимоий ходимлар гуруҳлари кўрсатадиган ижтимоий хизматлар ва ёрдамларнинг янги тизими йўлга қўйилади.

Шунингдек, 15 октябрдан бошлаб талабгорларни ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ёки ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахс деб эътироф этиш ёки бекор қилиш, шунингдек, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатига киритиш (ундан чиқариш) “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларининг қарорига асосан амалга оширилади.

“Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари директорларига муайян яшаш жойига эга бўлмаган ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини Агентлик ҳузуридаги уй-жой фондига эга бўлган муассасаларга олти ой муддатгача вақтинча рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқи берилади.

Бундан ташқари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига ушбу қарор асосида бир қанча ваколатлар берилди. Жумладан, агентлик ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ва болалар билан ишлаш бўйича ваколатли орган ҳисобланади. Эндиликда ижтимоий ходимлар фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш мезонлари ўрнатилган тартибда агентлик томонидан тасдиқланади. Ижтимоий ходимлар фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш натижалари бўйича тўланадиган мукофотлар Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Шунингдек, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ҳамда ижтимоий ходимлар фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ давлат харидлари, истисно тариқасида, тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали амалга оширилади.

Агентлик зиммасига 2024 йил 1 январга қадар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги билан биргаликда “маҳалла еттилиги” томонидан ягона саволнома асосида маҳаллада ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли муаммоларини аниқлаш тизими йўлга қўйилишини таъминлаш мажбурияти юклатилган.

Гулноза Бобоева, ЎзА