Ҳуқуқий муносабат

Маълумотларга кўра, 1 октябрдан жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга олганларга БҲМнинг 3 баравари миқдорида бир марталик субсидия берилади. Бу 900 минг сўм бўлади. Улар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилиб, махсус тизим орқали ишга жойлаштирилади.

Хўш, бу қандай амалга оширилади? Бу борадаги тўлиқ маълумотлар хусусида Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси раҳбари Отабек Нарзиев қуйидагиларни маълум қилди.

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5 сентябрдаги 450-сон қарори билан тасдиқланган “Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия бериш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 1-боб 2-қисмида “Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга ҳар бир шахс учун уч ойдан ортиқ муддатда меҳнат фаолиятини давом эттиргандан сўнг базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида бир марталик субсидия берилади.” Бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно.

Иш берувчилар жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсни ишга қабул қилгандан сўнг уч ойдан ортиқ муддатда меҳнат фаолиятини давом эттиргандан кейин субсидия олиш учун тегишли маҳаллий меҳнат органига ёзма равишда ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилади.

Шунингдек, мазкур санадан қуйидагилар йўлга кўйилади. Хусусан, «Ишга марҳамат» мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларида жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ташкилотлардаги мавжуд бўш (вакант) ҳамда захирага қўйиладиган иш ўринларига ишга жойлаштириш тизими йўлга қўйилади.

Иш берувчилар субсидия олиш учун туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимларига ёзма равишда ёки my.gov.uz орқали мурожаат қилади.

Бундан ташқари, 2025 йил 1 январгача тадбиркорларга жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларнинг назоратда бўлган (пробация) даврида меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини қайтариб бериш тизими жорий этилади. Ҳудудий меҳнат органлари томонидан рўйхатга олинган ишсиз ва иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган фуқароларни тадбиркорлик кўникмалари ва хорижий тилларга ўқитиш, касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўғридан-тўғри шартномага асосан бепул амалга оширилади.

Гулноза Бобоева, ЎзА