Тоғли Қорабоғда истиқомат қилаётган арманлар Озарбайжон жамиятига мослашишини таъминлаш мақсадида ҳукумат махсус режа ишлаб чиқди.

“Озарбайжон Қорабоғ ҳудудида яшаётган арман аҳолисини реинтеграция қилиш бўйича амалий ҳаракатни бошлади”, дея хабар тарқатди Президент Илҳом Алиев маъмурияти. Қорабоғлик арманларга бериладиган кафолат, ҳудудни мамлакат таркибига реинтеграция қилиш шарти белгиланган ҳужжатда, жумладан, шундай дейилган:

– Этник, диний мансублиги ёки қайси тилда сўзлашидан қатъи назар, ҳар бир инсоннинг эркинлиги ва тенглиги, жумладан хавфсизлиги кафолатланади.

– Қорабоғ аҳолисига ўз маданияти ва этномаданий ўзига хослигини сақлаб қолиш ва ривожлантириш ҳуқуқи кафолатланади.

– Диний эркинлик, маданий ва диний ёдгорликларни муҳофаза қилиш ҳуқуқи таъминланади.

– Арман тилидан фойдаланиш имконияти яратилади.

– Ҳудудда истиқомат қилаётган арман аҳолисини бошқариш Озарбайжон Президентининг махсус вакили орқали амалга оширилади, ушбу фаолиятга аҳоли жалб қилиниши мумкин.

– Фуқаролик масалалари Озарбайжон Конституцияси ва қонунчилигида назарда тутилган тартиб асосида ҳал қилинади.

– Қуролсизланиш ва демобилизация жараёни якунланади, аҳолидан қуроллар олиб қўйилади.

– Озарбайжон ички ишлар идоралари ҳудудда жамоат тартибини ва одамлар хавфсизлигини таъминлайди, аҳоли мазкур идора ишларига жалб қилиниши мумкин.

– Озарбайжон миллий валютасини муомалага тўлиқ жорий қилиш таъминланади.

Бундан ташқари ҳудудда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш режалаштирилмоқда. Ҳужжатда келтирилишича, “Резидентлар истиқомат қилувчи ҳудудларда тадбиркорлик субъектларини молиялаштириш имконияти кенгайиши муносабати билан амалдаги имтиёзли кредит, фоизли субсидия, кредит кафолати ва бошқа молиявий воситалар қўлланмоқда, фермерлар субсидия билан таъминланиб, ердан ташқари ҳар қандай солиқдан озод этилган”.

Шунингдек, Қорабоғ аҳолиси таълим, соғлиқни сақлаш, газ ва сув, йўл, алоқа ва қишлоқ хўжалиги ерлари мелиорацияси тизими билан таъминланиши маълум қилинган. Озарбайжон 19 сентябрь куни Қорабоғда бошлаган ҳарбий амалиёт натижасида Боку ҳудуд устидан назорат ўрнатди. Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси 2024 йил 1 январдан фаолиятини тўхтатиши эълон қилинди. Шундан кейин маҳаллий арманлар билан Озарбайжон вакиллари ўртасида бир неча бор музокара олиб борилди, ҳудуднинг мамлакат таркибига интеграциялашуви масаласи муҳокама қилинди. 22 сентябрь куни Озарбайжон Президенти ёрдамчиси Ҳикмат Ҳожиев қорабоғлик арманларнинг республика иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётига интеграциялашуви мураккаб кечиши, айримлар ушбу сиёсатни қабул қилмай, кетишга қарор қилишини айтган. Президент Илҳом Алиев эса бир неча бор Қорабоғ арманлари ҳам мамлакат фуқаролари сингари ҳуқуқларга эга бўлишини таъкидлаган.

Арманистон ҳукумати маълумотига кўра, кескинлик бошланиши олдидан Қорабоғда яшаган 120 минг аҳолидан 100 минг 520 киши айни дам Арманистонга кўчиб ўтган.

С.Раҳимов, ЎзА