Сентябрь ойининг иккинчи ярмида АҚШ, Филиппин, Украина, Қирғизистон, Жанубий Африка, Покистон, Таиланд, Руминия, Ҳиндистон каби дунёнинг 121 мамлакатидан 1800 дан зиёд делегат Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида бўлиб ўтган “HWPL” Тинчлик саммити 9 йиллигига бағишлаб ўтказилган тадбирларда иштирок этди.

– Институционал тинчлик бўйича кўп томонлама стратегияни амалга ошириш” мавзусида ташкил этилган анжуманда халқаро ҳуқуқ, дин, таълим, ёшлар, аёллар, оммавий ахборот воситалари соҳалари етакчилари ва экспертлари учун тўрт кун давомида 30 га яқин сессия ташкил қилинди, –дейди  БМТнинг  ЭКОСОС тузилмаси ҳузуридаги “HWPL” халқаро Тинчлик учун ташкилоти МДҲ бўйича матбуот хизмати раҳбари Мария Захарченко ЎзА мухбирига.

Нафақат минтақалар, балки давлатларда ҳам тинчлик учун қонунан мажбурий бўлган халқаро ҳуқуқни таъминлашга қаратилган амалий, фойдали стратегиялар юзасидан қизғин мунозара кечди.

Матбуот анжуманида ЭКОСОСда рўйхатдан ўтиб, ташкилотчи вазифасини бажараётган “Самовий маданият, дунё тинчлиги ва ёруғликнинг тикланиши” (HWPL) ташкилоти раиси Ли Ман Хи қатнашчи мамлакатлар сиёсатчилари ва раҳбарларига мурожаат қилиб, уруш фахрийси сифатида, қуролли можароларнинг оғир ҳақиқати хусусидаги шахсий тажрибасига таянган ҳолда, тинчлик йўлида ҳамкорлик қилиш зарурлигини таъкидлади:

– Нима учун ёшлар урушда жонини қурбон қилиши керак? Сиёсат нима ва ким учун? Уруш бошланса, жанг майдонида сиёсатчилар эмас, ҳаётининг энг гўзал даврини ўтказаётган ёшлар ҳалок бўлади. Тинчликка фақат сўз билан эришиб бўлмайди. Осойишталикни, агар бўлмаса, яратишимиз керак. Шу мақсадда биз тинчлик фаолиятини амалга ошириш учун дунё бўйлаб 32 марта сафар уюштирдик. Ер юзида тинчлик ҳукм сурса, ачинарли ўлимлар бўлмайди. Халқаро ҳуқуқни жорий қилиш орқали авлодларимиз яшайдиган жаҳон ҳамжамиятига тинчликни мерос сифатида қолдиришимиз керак!

Саммитнинг асосий сессиясида Руминиянинг учинчи Президенти, профессор, доктор Эмил Константинеску тинчлик мавҳум тушунча эмаслиги, балки инсоният тинч муҳит ярата оладиган энг олий қадрият экани, одамлар зўравонлик, қуролли тўқнашув ёки руҳий босим таҳдидисиз яшай олиши, бунинг учун “инсонга қарши” муносабатни “инсон ёнидаги инсон” билан алмаштирадиган янги мезонлар тизимини шакллантириш зарурлигини таъкидлади. Барчани ана шу эзгу мақсад йўлида қисқа ва узоқ муддатга мўлжалланган аниқ чора-тадбирлар амалга ошириш устида ишлашга чақирди.

2014 йил қабул қилинган “Биз биргамиз” шиорида адолатли ва барқарор тинчликка эришиш учун “HWPL” Тинчлик ўрнатиш ва урушларни тўхтатиш тўғрисидаги декларация (DPCW)си асосида халқаро миқёсда келишилган аниқ институционал тинчлик ўрнатилиши зарурлиги акс эттирилган. Лойиҳа дунё бўйлаб низоларнинг олдини олишдан тортиб, тинчликни сақлашгача бўлган кенг қамровли чора-тадбирларни таклиф қилади. Бундан ташқари, “HWPL” динлараро мулоқотни, ёшлар ва аёллар учун тинчлик фаолиятини тарғиб қилиш, тинчлик таълимини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари орқали тинчлик маданиятини тарғиб қилиш каби тадбирларни жамлайди.

Тузилма бошқаруви директори Канг Тае Хо 176 мамлакатда 900 000 га яқин фуқаролик жамияти вакиллари томонидан қўллаб-қувватланган Тинчлик ва урушларни тўхтатиш декларацияси (DPCW) бўйича натижани тақдим этди.

Филиппиннинг мусулмонлар яшайдиган Минданао ҳудудидаги Бангсаморо мухтор вилояти бош вазири Аҳад Иброҳим Ал-Ҳожи шундай дейди:

– Бугун барчангизнинг олдингизда ғурур билан Бангсаморо тинчлик, фаровонлик ва адолат ҳукм сураётган диёр эканини таъкидлаб, бу заминда мусулмонлар, насронийлар, маҳаллий халқлар ва Лумад элатидан бўлган  биродарлар ҳамжиҳат яшамоқда, демоқчиман. Тинчлик ва тараққиётнинг янги даврига қадам қўяётган эканмиз, дунёнинг турли бурчакларидаги ҳар бир нуфузли етакчи, сиёсатчи ва тинчлик тарафдорини қуролсизланишни тарғиб этишга, барқарор келажак ноиби вазифасини бажаришга чақираман. Дунё тарихини ёзишда давом этайлик!

“HWPL” низоларнинг олдини олиш ва динлараро мулоқот орқали ярашувга кўмаклашиш мақсадида дунёнинг 130 давлатида турли динга мансуб битикларни қиёсий ўрганиш платформаси – Диний тинчлик академияси (RPA)ни ишга туширган. Бундан ташқари тинчликпарвар қадриятларни ўргатиш ва амалда қўллаш учун “HWPL”нинг тинчлик бўйича таълим дастури 90 мамлакатдаги мактаблар ва бошқа таълим муассасаларида ўқитилмоқда.

Ташкилот расмийлари Жанубий Кореяга ташриф буюрган глобал тинчлик элчиларига минннатдорлик билдирди. Шунингдек, Жанубий Корея ҳукумати ва халқаро ҳамжамиятни мустаҳкам тинчликка ҳисса қўшиш учун ҳамкорликка чақирди.

Тадбир якунида тинчлик ташаббуслари бўйича ҳамкорлик жараёнидаги алоҳида фаоллиги учун 13 кишига “HWPL” тинчлик мукофоти топширилди.

С.Раҳимов, ЎзА