Тошкент шаҳар Сергели тумани «Қурувчилар» даҳасида жойлашган омборхоналарнинг бирида кучли чақнаш оқибатида жабрланганларнинг умумий сони 163 нафарни ташкил этмоқда.

Шундан жами 24 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг Тошкент вилояти филиали, Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонаси, 1-сонли Республика ва 1-сонли шаҳар клиник шифохоналари ҳамда 1-сонли шаҳар туғуруқхонасига ётқизилди.

Қолган 138 нафар жабрланган аҳоли вакилининг саломатлиги яхши бўлганлиги учун амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган.

Ҳодиса оқибатида 2006 йилда туғилган бир нафар ўсмир бола воқеа жойида вафот этган ва шифохонага тириклик аломатлари бўлмаган ҳолда олиб келинган.

Айни пайтда юқоридаги шифохоналарда даволанаётган беморлар орасида ўта оғир тан жароҳати олганлар йўқ. Уларнинг саломатлиги қониқарли.

Беморларга тиббий хизмат кўрсатиш учун хирург, травматолог, нейрохирург, невропатолог, юз-жағ жарроҳи, акушер-гинеколог каби республикамизнинг энг етакчи мутахассислари жалб қилинган.

Даволаш муассасаларида тезкор ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча зарур дори-дармон захираси яратилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати