Ёшлар иш билан таъминландиНукусда ўтказилган бўш иш ўринлари ярмаркаси “Ёшлар – келажак бунёдкори” деб номланди. 

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши, Ички ишлар ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган ярмаркада 36 корхона ва ташкилот 167 бўш иш ўрни билан иштирок этди.

Ярмаркага асосан маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар, муддатли ҳарбий хизматдан бўшаган ва сафарбарлик резервида хизмат қилган йигитлар таклиф этилди.

– Бугун «Нукус текстиль” масъулияти чекланган жамиятига ип йигирувчи оператор вазифасига ишга йўлланма олдим, – дейди Раъно Ўтепбергенова. – Биз, ёшларнинг ўз мутахассислигимиз бўйича ишга жойлашишимизда мана шундай тадбирларнинг ўрни катта. Тадбир ташкилотчиларига миннатдорлик билдираман.

Ярмаркада 30 дан зиёд ёш иш билан таъминланди. Ўз тадбиркорлигини бошлашга аҳд қилган ёшларнинг банклардан имтиёзли кредит олишига кўмаклашилди.

 

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА