Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев тантанали қасамёд қилиб, ўз лавозимига киришди.

Айни пайтда давлатимиз раҳбари нутқ сўзламоқда.

– Конституциямизда муҳрлаб қўйилганидек, жонажон Ўзбекистонимизни, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир фуқаромиз тинч ва эркин, бахтли ва фаровон яшайдиган ижтимоий давлатга айлантирамиз.

Жумладан, таълим ва тарбия, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларини ривожлантириш, янги уй-жойлар қуриш, аҳолини ичимлик суви, энергия билан ишончли таъминлаш, ижтимоий инфратузилмалар ишини яхшилаш бўйича белгилаб олган вазифаларни, албатта, бажарамиз.

Биз учун Ватан рамзи бўлган маҳалла тизимини барча ислоҳотларимизда марказий ва ҳал қилувчи бўғинга айлантирамиз.

Тадбиркорлик учун янада қулай имкониятлар яратиб, янги-янги иш ўринлари очиш, аҳоли даромадларини кўпайтириш, ёшлар ва хотин-қизларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, уларнинг бандлигини ошириш эътиборимиз марказида бўлади.

Аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексаларни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган ишларни янги босқичга олиб чиқамиз, – деди Президент сўзининг давомида.

ЎзА