Президент халқимизнинг юксак ишончи барчамиздан – депутат ва сенаторлар, вазир ва ҳокимлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарларидан, ҳар бир юртдошимиздан белимизни янада маҳкам боғлаб, аввалгидан икки-уч карра кўпроқ ғайрат ва шижоат билан ишлашни талаб этишини таъкидлади.

–Олдимизда турган давр Ўзбекистон учун сиёсий, иқтисодий- ижтимоий, маданий-гуманитар соҳаларда туб бурилиш ва улкан ўзгаришлар даври бўлади.Кечаги натижа, кечаги қараш ва мезонлар энди тарих. Улар энди бизни қониқтирмайди. Янги давр учун янги ғоя ва ташаббуслар керак, янги натижалар керак.  Шундагина у том   маънода янги давр бўлади.

Ўзингиз кўриб турибсиз, бугун дунё қандай шиддат билан, кескин ўзгариб бормоқда. Жаҳон миқёсида бир тарихий давр ниҳоясига етмоқда. Айни вақтда олдиндан таҳлил қилиб бўлмайдиган жараёнлардан иборат ўта мураккаб янги бир давр бошланмоқда.

Ер юзининг турли минтақаларида давом этаётган қуролли можаролар глобал тинчлик ва осойишталикка жиддий путур етказмоқда. Бундай низо ва тўқнашувлар, шафқатсиз рақобат савдо ва инвестиция оқимларини, товар ва хизматлар айланишини издан чиқариб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги бўйича янги муаммолар келтириб чиқармоқда.

Дунё миқёсида иқлим ўзгариши, табиий бойликлар ва сув ресурсларининг тобора тақчил бўлиб бораётгани ҳам барқарор ривожланишга кучли салбий таъсир кўрсатмоқда.

Биз мана шундай оғир ва таҳликали вазиятда халқимиз манфаатларига жавоб берадиган ягона тўғри йўлни – самарали ички ва ташқи сиёсат йўлини аниқ белгилаб олишимиз ва уни қатъий амалга оширишимиз лозим – деди Шавкат Мирзиёев.

ЎзА