Шавкат Мирзиёев унинг номзодини илгари сурган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг аъзолари ва фаолларига, у билан ҳамфикр бўлиб, номзодини қўллаб-қувватлаган “Миллий тикланиш” демократик партияси вакилларига, барча тарафдорлари ҳамда ишончли вакилларига ташаккур айтди.

Сайловда муносиб иштирок этган “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Робахон Маҳмудовага, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Улуғбек Иноятовга, Ўзбекистон Экологик партиясидан Абдушукур Ҳамзаевга алоҳида миннатдорлик билдириб, уларнинг келгуси ишларига ютуқ ва омадлар тилади.

– Албатта, биз турли сиёсий партияларга мансуб бўлишимиз, турли ғоя ва қарашлар тарафдори бўлишимиз мумкин. Демократия дегани ҳам аслида шу. Аммо моҳият эътибори билан қараганда, барчамизнинг, бутун Ўзбекистон халқининг мақсади бир. Бизнинг барчамизни Ватан, эл-юрт манфаати бирлаштиради.

Шу сабабли биз сайловда қатнашган партияларимиз  дастурларидаги энг муҳим фикрлар ва амалий таклифларни  келгуси фаолиятимизда албатта эътиборга оламиз. Барчамиз Янги Ўзбекистон деган ягона ва улуғ мақсад атрофида янада жипслашиб, халқимизнинг орзу-армони бўлган мана шу эзгу ғояни амалга ошириш йўлида ҳамкорлик қиламиз, – деди Президент.

 

ЎзА