Тарафлар ўртасида фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низолар, якка меҳнат низоларига ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор, жумладан, келишувни амалга ошириш учун тарафлар томонидан жалб этилган шахс кўмагида ҳал қилиш усули медиация дейилади.
Медиация борасидаги саволларга Тошкент туманлараро маъмурий суди судья ёрдамчиси Ғолиб Абдуллаев жавоб берди.
–“Медиация тўғрисида»ги қонунга кўра, медиация суддан ташқари тартибда, низони суд тартибида кўриш жараёнида, суд ҳужжатини қабул қилиш учун суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киргунига қадар, шунингдек, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида қўлланилиши мумкин. Медиация низони ҳакамлик судида кўриш жараёнида ҳам ҳакамлик судининг қарори қабул қилингунига қадар қўлланилиши мумкин.
– Медиация қай тартибда қўлланилади?
– Медиацияни қўллаш тартибини белгилаш учун тарафлар ўртасида ёзма келишув тузилади. Унда низонинг медиация орқали ҳал этилиши, низо предмети, медиация тартиби, харажатлар, тарафларнинг медиацияда иштирок этиш шартлари, медиация муддати ҳақида шартлар ёзилади.
– Медиация тарафлари кимлар бўлиши мумкин?
– Тарафлар ва медиатор медиация иштирокчиларидир. Жисмоний шахслар ҳам, юридик шахслар ҳам медиация тарафлари бўлиши мумкин. Медиация икки ва ундан ортиқ тарафлар ўртасида бўлиши, шунингдек, бир ёки бир нечта медиатор томонидан амалга оширилиши мумкин. Тарафлар медиацияга шахсан ёки вакили орқали қатнашишлари мумкин.
– Медиатор ким ва вазифалари қандай?
– Медиатор – медиацияни тарафлар розилиги билан олиб борувчи шахс.
Профессионал ва нопрофессионал медиаторлар бўлиб, профессионал медиатор махсус медиаторлик курсида қатнашган ва ўзининг веб-саҳифасига ўзи ҳақида маълумотларни жойлаган бўлиши лозим. Профессионал медиатор ҳақ эвазига ёки текинга, шунингдек, тарафлар билан медиация келишувига асосан ўзаро келиб чиққан низоларни ҳал этиш учун хизмат кўрсатади. Нопрофессионал медиатор бўлиб 25 ёшга тўлган, медиатор бўлишга розилик билдирган шахс медиацияни олиб бора олади. Нопрофессионал медиатор текинга хизмат кўрсатади.
– Медиатор тарафлар билан учрашиб уларга низоларни ҳал этишда оғзаки ёки ёзма тавсиялар бериши мумкин. У тарафларга медиациянинг мақсади ва уларнинг ҳуқуқ, мажбуриятларини тушунтириши лозим. Медиатор тарафларнинг розилиги билангина иш юритиши мумкин. Тарафларни низони ҳал этишдаги чора-тадбирларга ишонтиришга қонуний йўллардан фойдалана олади.
– Медиация қандай вазиятларда тугатилади?
– Медиация тарафлар томонидан медиатив келишув тузилганлиги, низо хусусида ўзаро мақбул бўлган қарорга эришиш имконияти йўқлиги, бирор-бир тарафнинг медиациядан воз кечганида ҳамда медиация тартиб-таомилини амалга ошириш муддатлари ўтганлиги ҳолатида тугатилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА