Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Робахон Маҳмудованинг ишончли вакили сайловчилар билан учрашди.

“Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод – Робахон Маҳмудованинг Қорақалпоғистондаги ишончли вакили Нурлибой Қайпбергенов сайловчиларни номзоднинг сайловолди дастури билан таништирди. Нукус шаҳар Тиббиёт бирлашмасида ташкил этилган учрашувда партиянинг шаҳар Кенгаши ходимлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, меҳнат фахрийлари, ёшлар, фаол хотин-қизлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда номзоднинг ишончли вакили Н.Қайпбергенов номзоднинг таржимаи ҳоли, меҳнат фаолияти ҳамда сайловолди дастуридаги устувор вазифалар хусусида батафсил маълумот берди. Номзоднинг сайловолди дастурида жамият ривожи билан боғлиқ қатор вазифалар белгиланган. Шу сабаб номзод дастури сайловчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

–Жорий йилнинг 9 июль куни муддатидан илгари бўлиб ўтадиган сайлов олдидан “Адолат” СДП партиясидан кўрсатилаётган номзод Робахон Маҳмудованинг таржимаи ҳоли, меҳнат фаолияти, сайловолди дастури билан танишдик, – дейди тадбир иштирокчиси Ҳамида Султанмуратова. – Сайловолди дастуридан менга манзур бўлгани бюрократизм, коррупцияга қарши кураш масаласи алоҳида баён этилгани бўлди. Бундан ташқари, номзод дастуридаги давлат бошқаруви органлари фаолиятини жамоатчилик назоратига олишни янада кучайтириш тўғрисидаги ғоялари менга жуда маъқул бўлди. Бу мамлакатимизда эркин фуқаролик жамияти барпо этилишида энг муҳим масалалардан ҳисобланади.

Тадбир сўнггида сўзга чиққанлар томонидан номзоднинг сайловолди дастуридаги устувор вазифалар қўллаб-қувватланди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА