Ижтимоий тармоқларда тарқалган давлат гранти асосида таълим олган талабаларнинг 3 йил ишлаб бериш мажбурияти бекор қилингани тўғрисидаги хабарлар кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.

Мазкур хабар юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги расмий муносабат билдирди.

Тегишли қонунчиликка кўра, 2005 йил 7 июлдаги 58, 154-1, 19 ва 02/2658 сонли қарор билан “Кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисида” низом тасдиқланган. Унда олий таълим муассасаларини давлат гранти асосида таҳсил олиб тамомлаган битирувчиларнинг 3 йил ишлаб бериш мажбурияти белгиланган.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунининг 46-моддаси биринчи қисмига кўра, илгари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганлиги муносабати билан зарур ўзгартишлар ва (ёки) қўшимчалар киритилади ҳамда илгари қабул қилинган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки уларнинг қисмлари, агар улар янги ҳуқуқий нормаларга зид бўлса ёҳуд янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тўлалигича қамраб олинган ёки амалда ўз ҳуқуқий аҳамиятини йўқотган бўлса, лекин расман ўз кучини йўқотган деб топилмаган бўлса, ўз кучини йўқотган деб топилиши лозим.

Давлат гранти асосида таълим олган талабаларнинг 3 йил ишлаш мажбурияти бекор қилинмаган, дейилади хабарда.

 

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА