Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари Нью-Йоркдаги Бош қароргоҳда бўлиб ўтган ўрмонлар бўйича форумнинг 18-сессиясида иштирок этди.
Анжуманда аъзо давлатлар ФАО раислигидаги Ўрмонлар бўйича қўшма шериклик, минтақавий ташкилотлар ва бошқа манфаатдор томонлар иштирокида ўрмонлар бўйича 2017-2030 йилларга мўлжалланган стратегик режани муҳокама қилишди. Ўрмон хўжалиги бўйича мутахассис Экрем Язичий иқлим ўзгариши шароитида Орол бўйида ўрмон, ер ва сув ресурсларини комплекс бошқариш муҳимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, иқлим ўзгариши ва бошқа муаммоларга чидамлиликни ошириш учун сифатли сув ресурсига эга бўлиш, ўрмонзор барпо этиш, ерни тиклаш ва ўрмон хўжалигига асосланган турмуш тарзини таъминлаш зарур.
ФАО тадбирда Ўзбекистон делегацияси иштирокини қўллаб-қувватлади. Форум доирасида Ўзбекистон томони раислигида Жаҳон банки, ФАО, UNECE, БМТ Европа иқтисодий комиссияси, Канада ўрмон хизмати ва Чехия ўрмон хўжалиги институти ҳамкорлигида қўшма тадбир ташкил этилди. Учрашувда БМТга аъзо давлатларнинг 100 дан ортиқ мутахассис, ўрмонни бошқариш соҳасидаги маъмурий ва илмий доиралар, шунингдек, халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.
Вакилларимиз Ўзбекистонда экология ва атроф-муҳит муҳофазаси, кенг кўламли ободонлаштириш акцияси, Орол денгизи қуриган тубида ўрмон барпо этиш амалиёти, бутун республика ҳудудида кўкаламзорлаштириш бўйича ўтказилаётган “Яшил макон” акцияси натижалари ҳақида маълумот берилди. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларимиз майдони мамлакат ҳудудига нисбатан 2016 йилдаги 4 фоиздан бугунги кунда 14 фоизга кенгайтирилгани алоҳида таъкидланди.
Жаҳон банки Табиий ресурслар минтақавий департаменти директори Паола Агостини Ўзбекистонда ўрмонни тиклаш бўйича умумий қиймати 142 миллион долларлик лойиҳаси тақдимотини ўтказди. Якунда қўшма тадбир иштирокчилари жорий йил октябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТнинг йирик анжуманига таклиф этилди.
ФАО форум иштирокчиларига 2025 йилги Ўрмон ресурсларини глобал баҳолашга тайёргарлик, БМТ Ўрмонлар бўйича стратегик режасининг коммуникация стратегиясини амалга ошириш тўғрисида маълумот тақдим этди. Ўрмонлар бўйича қўшма шерикликнинг 16 аъзоси номидан қўшма баёнот берди, 2024 йилдаги халқаро ўрмонлар куни мавзусини эълон қилди.
ЎзА