Нукус гарнизони Сафарбарлик чақируви резерви батальони бугун энг замонавий ва шинам шарт-шароитларга эга ҳарбий қисм сафида хизматчиларга илк ҳарбий кўникмалардан сабоқ бермоқда. Энг қувонарлиси шундаки, ҳарбий хизматга келаётган қорақалпоғистонлик азаматлар юртимизнинг энг ибратли, фахрли, иқтидорли ёшларидан саналади.

Айни вақтда бир ойлик ҳарбий хизматга келган иқтидорли хизматчилар билан танишинг.

Хизматчи Маҳмуд Аллаяров, гуруҳ фаоли:

– Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг ўзбек тили филологияси йўналишини тамомлаганман. Ҳарбий хизматга келиб, йигитлик вазифамни ўтаётганимдан бағоят қувончлиман. Ҳарбийлик бошқа соҳалардан фарқ қилади, бу касб шарафли касб, лекин зиммасига юрт ҳимоясидек муҳим вазифа юклатилган. Ҳарбий хизматдан сўнг, мен ҳам Ватан ҳимоячилари билан бир сафда хизмат қилиш истагидаман.

Хизматчи Қидирнияз Бобониязов, актёр:

– Ҳар бир ўғил бола болалигидан аскар бўлишни орзу қилади. Мен ҳам кичик вақтларимдан ҳарбийлар ҳаётига қизиқиб, улар билан яқиндан танишгим келарди. Орадан йиллар ўтиб, диплом эгаси бўлдим. Актёрман. Эгнимга ҳарбий либос кияману, актёрлик маҳоратимни ишга солиб театр саҳнасида бемалол ҳарбий хизматчи образида томошабинлар қаршисида намоён бўламан. Лекин ҳақиқий ҳарбий ҳаёт билан саҳнадаги ролимнинг жуда катта фарқи бўларкан. Бир ойлик ҳарбий хизматга келган бўлсам-да, ҳарбий интизом ва масъулият ҳисси қалбимни эгаллади. Ҳарбийлар ҳаёти билан яқиндан танишяпман. Эрта тонгдаги уйғониш, сафда юриш, машғулотлар жараёни – буларнинг барчаси ҳақиқий. Йўқ, мендан ҳарбий чиқмайди. Лекин касбим орқали ҳарбийлар ҳаётини ёритишим керак. Буларнинг машаққатли ва масъулиятли хизматлари таҳсинга сазовор.

Хизматчи Қанат Пиржанов, спортчи:

– Мўйноқликман. Бир пайтлар туманимизда Орол денгизининг порти бўлган. Табиат фожеаси бугун денгизни бизлардан олиб кетди. Қачон қайтади буни ҳеч ким айтолмайди. Биласизми, нима учун Орол ҳақида сўз очдим, бу улкан денгиз мўйноқликлар учун ҳаёт манбаи эди. Денгизнинг йўқолиши инсонларни саросимага солди, экологик вазият ўзгариб, одамлар орасида касалликлар авж олди. Мўйноқликлар бу ерларни тарк эта бошлади. Сўнгги йилларда олиб борилган ислоҳотларнинг самараси ўлароқ, бугун Мўйноқда янги ҳаёт нафаси сезила бошлади. Шаҳарсозликдаги ўзгаришлар биз ёшларни қувонтириб юборди.

Ўзим спортчиман, бокс йўналишида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон республикалари чемпионатларида иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритганман. Йигит кишига қирқ ҳунар ҳам оз деганларидай, ошпазлик сирларини ўргандим. Европа ва турк ошхонасининг барча таомларини тайёрлаш қўлимдан келади. Мўйноқда яратилаётган кенг имкониятлар доирасида мен ҳам туманимизда сайёҳлар учун Европа, қорақалпоқ ва ўзбек миллий таомларидан иборат кафе ва меҳмонхона фаолиятини йўлга қўйиш ниятидаман. Мақсадлар кўп, ҳар бирига босқичма-босқич эришиб бормоқдаман. Айни пайтда йигитлик бурчимни бажариш учун ҳарбий хизматга келдим. Бундан албатта, хурсандман!

Хизматчи Жасурбек Исмоилов, спортчи:

– Спортнинг миллий кураш тури билан шуғулланиб келаман. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон курашчилари ўртасида бўлиб ўтган мусобақаларда қатнашиб, чемпион бўлганман. Орзуларга эришиш учун инсон ҳаракатдан тўхтамаслиги керак, дейишади. Ҳаракат ортидан эришаётган ютуқларим бисёр. Ҳозир энг олий мақсадим, бир ойлик ҳарбий хизматни ўтаб бўлиб, ёнғин ҳавфсизлиги хизматида ишни бошлаб олиш. Дарвоқе, хизматчилар учун яратилган шароитлар менга жуда манзур бўлди. Бўш вақтларимда, китоб ўқиш имконияти борлиги мени қувонтирди. Дўстларим сафи ҳам кенгайди.

Хизматчи Иса Пердебаев, спортчи:

– Ҳарбий либос кийганимдан бери ўзимни бошқа бир инсон сифатида кашф этяпман. Спортчиман, “Турон” якка кураши билан шуғулланиб, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон чемпионатларида чемпион ҳам бўлганман. Эндиги мақсадим, ҳарбий спортчилар сафида Ўзбекистон байроғини дунё аренасига олиб чиқиш. Илк ҳарбий сабоқлардан таҳсил бераётган ҳарбий командирларга чексиз миннатдорчилик билдираман. Бир ойлик ҳарбий хизмат шунчаки вақт ўтказиш дегани эмас. Балки ҳарбийлик истагини билдирган ёшлар учун ҳақиқий ҳаёт мактаби саналади.

Хизматчи Бахтияр Бердимуратов, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ўқитувчиси:

– Замон шиддат билан ўзгариб бораётган бир паллада, ҳорижий тилларни ўрганиш барча соҳада шу жумладан ҳарбий соҳада ҳам муҳим аҳамиятга эга саналади. Тил билган одам бошқа бир давлат фуқароси билан бемалол фикрлашади, тажриба алмашади. Бу эса ўз навбатида соҳани ривожлантиришда, замонавий билимларни эгаллашга хизмат қилади. Ҳарбий хизматга келганимдан бери мен ҳам келгусида Қуролли Кучларимизда олиб борилаётган ислоҳатлар ҳақида инглиз тилида мақолалар тайёрлаб, босма ва электрон нашрларига тақдим этишим мумкинлиги ҳақида ўйлаяпман. Фахр ва ифтихор билан айта олиш мумкинки, юртимизда энг замонавий ва қудратли армия барпо этилган бўлиб, ҳарбий хизматни ўтамоқчи бўлган ёшлар сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Юртимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаб, мудофаамизни ҳимоя қилаётган забардаст ўғлонлар орасида оз муддат бўлса-да, бирга эканимдан хурсандман.

Қуролли Кучлар хизматчиси Шоҳиста Абдураҳмонова,

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги