Ўзбекистон Республикасида парвозлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича назоратни ташкил этиш устидан навбатдаги аудит текширувини ўтказиш мақсадида Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО) аудиторлари Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Режага асосан, ИКАО аудиторлар гуруҳи жорий йилнинг 17-29 май кунлари “Ўзавиация” агентлигида текширув олиб бориши, шунингдек, “Uzbekistan Airways» АЖ ва унинг бўлинмаларига, ”Ўзаэронавигация“ маркази ДУКга, ”Panorama Airways“ ва ”Ҳумо Аир” авиакомпанияларига, Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати марказига ташрифи режалаштирилган.
ИКАО аудиторлари Ўзбекистонда парвозлар хавфсизлигини таъминлаш тизими ишлашини баҳолаш мақсадида комплекс текширув ўтказади. Хусусан, ташриф доирасида авиакомпанияларда, шунингдек, Тошкент ва Самарқанд аэропортларида ИКАО стандартлари талабларининг амалий бажарилишини текширади.
Шуни таъкидлаш жоизки, ушбу аудит фуқаро авиацияси соҳасида парвозлар хавфсизлигини таъминлаш тизимини баҳолашнинг энг муҳим объектив воситаларидан бири ҳисобланади.
ИКАО аудитидан муваффақиятли ва юқори даражада ўтиш Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси учун ўта муҳим аҳамиятга эга бўлиб, миллий авиакомпанияларимизнинг жаҳон бозорида фаолият юритишини давом эттириш учун йўл очиб беради ва давлат имижини кўтаради.
Жорий йилнинг 28 май куни ИКАО аудиторлари гуруҳи томонидан текширув натижалари бўйича дастлабки ҳисобот тақдим этилади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА