Тошкентда “Tashkent Law Spring” Халқаро юридик форуми давом этмоқда.

Форум 20 дан ортиқ хорижий мамлакатлардан 200 га яқин меҳмон ва 500 нафар маҳаллий иштирокчини бир даврага жамланган.

Форум ишида Ҳуқуқни ривожлантириш халқаро ташкилоти, Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Жаҳон банки, Венеция комиссияси каби халқаро ташкилотлар, йирик халқаро юридик компания вакиллари, маҳаллий юрист ва олимлар иштирок этмоқда.

Форумнинг асосий мавзуси “Фундаментал ҳуқуқлар – абадий қадриятлар сифатида” деб номланган.

Ўзбекистон Адлия вазири Акбар Тошқулов форум мавзуси бежиз шундай танланмаганини қайд этди. Чунки сессияларда муҳокама қилинадиган масалалар ҳуқуқнинг кўплаб соҳаларини қамраб олади, спикерларнинг профессионал фаолияти ҳам ранг-баранг. Шунинг учун уларни бирлаштирувчи ғоя – фундаментал ҳуқуқлар бўлади.

– Биз юристлар биламизки, давлатларнинг сиёсий ва ҳуқуқий тизимлари турлича бўлгани сабабли фундаментал ҳуқуқларни  талқин қилиш ёки уларга амал қилишда фарқлар бор, – деди А.Тошқулов. – Бу фарқ яхши ёки ёмон тарафга бўлиши мумкин. Лекин ҳар қандай жамиятда ҳам прогрессив фикрловчи, фундаментал ҳуқуқлар ҳимоячилари ҳам борки, улар вазиятни яхши томонга буришга доим ҳаракат қилишади. Мен бундай ролда юристлар кўпроқ бўлишини истардим. Чунки биз юристлар муаммони кундалик иш жараёнида доим кўрамиз ва уларнинг ечимини ҳам биламиз. Шундай экан, форум давомида ҳуқуқнинг мана шундай фундаментал масалаларини профессионал ва чуқур ёндашувлар асосида муҳокама қиламиз.  Бугун бутун прогрессив жамиятлар инсоннинг фундаментал ҳуқуқларни ҳар қачонгидан юқори даражага кўтаришга интилмоқда. Бу фундаментал ҳуқуқлар ҳар бир шахснинг қадр-қиммати ва тенглигига асосланади. Улардан инсон ҳуқуқларининг асосий қадриятлари – шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар келиб чиқади. Ушбу фундаментал ҳуқуқлар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида мустаҳкамланган бўлиб, ҳамма жойда бир хил ҳимоя қилиниши шарт.

Ўзбекистоннинг ҳозирги сиёсати ушбу ғоялар асосида жамиятни қайта шакллантиришни кўзда тутади. Бу ғоялар ортга қайтмас даражага чиққанини яқинда референдум орқали қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг янгиланган таҳрирдаги Конституциясида кўриш мумкин.

– Лекин, бугунги кунда олдимизда турган энг муҳим масала – бу ҳуқуқларни амалда тўлиқ таъминлашдир. Бунинг учун биз жамиятимизда қонунийлик, ижтимоий адолат ва тенгликни тўла таъминлашга эътиборни қаратишимиз керак, – деди Адлия вазири.                                                                                                                                                                  

 Норгул Абдураимова, ЎзА