Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида Мувофиқлаштирувчи кенгашга Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича иккинчи Ихтиёрий миллий ҳисоботи лойиҳасини ишлаб чиқиш ва унинг муҳокамасини ташкил этиш белгиланган.

Шу муносабат билан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджет ташкилотлари молия-ҳисоб бўлинмалари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув марказида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти экспертлари, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирокида Барқарор ривожланиш мақсадларининг “Иқтисодий фаровонлик” ҳамда “Ижтимоий ҳимоя” йўналишлари бўйича эксперт гуруҳлари иштирокида Ўзбекистоннинг иккинчи Ихтиёрий миллий ҳисоботи лойиҳаси муҳокамаси мажлиси ўтказилди.

– Ўзбекистон 2030 йилгача барқарор ривожланиш бўйича кун тартибида қатор мақсадларни белгилаб олган. Барча ислоҳот инсон манфаатларини таъминлаши баробарида мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун пойдевор бўлиб хизмат қилади, – дейди  Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бўлим бошлиғи Шуҳрат Шарипов. – Ўзбекистон 2020 йилда БМТнинг юқори даражадаги сиёсий форумида илк маротаба Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) доирасида бажарилган ишлар ва қатор муаммолар киритилган биринчи Ихтиёрий миллий ҳисоботини (кейинги ўринларда ИМҲ) тақдим қилди. Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгиланган мақсадларда эксперт гуруҳлар тасдиқланган. Ҳар бир эксперт гуруҳлар ўзининг йўналишлари бўйича барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун ишлар амалга оширади ва уларни таҳлил қилиб боришади.

Халқаро ҳамжамият ва аҳоли таклифлари инобатга олинган. Шунингдек, сўнгги йилларда барча имкониятлар ишга солинган ҳолда ушбу муаммоларни бартараф қилиш ва уларнинг ечимини топиш чоралари амалга оширилди. Натижада БРМ кўрсаткичларига эришиш йўлида ижобий тенденцияларга эришилди. Жумладан, мактабгача таълим қамрови 70 фоизга етказилди. 2019 – 2021 йилларда олий таълим муассасалари сони ва қабул квоталари қарийб 2 баробарга оширилди. Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хотин-қизлар сони 2 баробарга ошди.

Тадбирда қайд этилишича, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бошқа манфаатдор вазирлик, идоралар, нодавлат-нотижорат ташкилотлари билан биргаликда Иккинчи Ихтиёрий миллий ҳисоботининг дастлабки лойиҳасини ишлаб чиққан.

Иккинчи Ихтиёрий миллий ҳисоботга кўра, республикамизда мактабгача таълим билан қамров даражаси 2015 йилдаги 21 фоиздан 2022 йилда 70 фоизга етказилди. Шу билан бирга, хотин-қизлар таълим олиши учун қўшимча имкониятлар яратилди.

Ҳисоботда аҳоли фаровонлигини таъминлашни секинлаштирувчи омиллар, макроиқтисодий барқарорликка, мамлакатнинг озиқ-овқат, энергетика, технологик, ахборот ва экологик хавфсизлигини таъминлашга маълум даражада салбий таъсир этувчи ташқи хатарлар ва ички хатарлар ҳам алоҳида қайд этилган.

Миллий ҳисоботнинг ушбу лойиҳаси аввалроқ муҳокама учун Иқтисодиёт вазирлигининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида жамоатчиликка тақдим этилди.

Ҳисоботни кенг жамоатчилик ва халқаро ҳамжамият учун эълон қилишдан мақсад БРМга эришиш борасида амалга оширилаётган ишлар кўламини кенгайтириш, одамлар фикри ва таклифлари асосида барча йўналишдаги ислоҳотларни янада такомиллаштиришдан иборатдир.

Тадбирда иштирокчилар Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича Иккинчи Ихтиёрий миллий ҳисоботи лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА