Бразилияда 18 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида ўтаётган жаҳон чемпионатида ҳамюртларимиз Афруза Ҳамдамова 16 ёшгача бўлган қизлар ўртасида 6,5 очко билан якка пешқадамга айланиб олган бўлса, 14 ёшгача бўлган қизлар орасида Нилуфар Имомқўзиева 6 очко билан ғолибликка асосий даъвогарлардан бири мақомига кўтарилди.

Бугун жаҳон чемпионатининг 7-тур баҳслари бўлиб ўтди. Эътиборли жиҳати, ушбу турда Афруза Ҳамдамова қозоғистонлик Эльназ Калиахметни, Жавоҳир Бозоров бразилиялик Ким Пол Мариани мағлубиятга учратди.  Нилуфар Имомқўзиева ўз гуруҳининг биринчи рақамли шахматчиси сифатида таснифланган грузиялик Кесари Мгеладзе билан кечган мураккаб ўйинда дурангга эришди.

Шу ўринда айтиш лозимки, Нилуфар мазкур баҳсда қора доналарда ўйнаганига қарамасдан рақиби билан муросага келган ҳолда 0,5 очкони қўлга киритиши унинг 7-турда ғалабага тенг дурангга эришганини англатади.

Жаҳончемпионатининг 8-турида Афруза Ҳамдамова қора доналарда ФИДЕ байроғи остида мусобақада иштирок этаётган Лейла Табермакова билан куч синашса, Нилуфар Имомқўзиева оқ доналарда Диана Ҳофизова қаршилигини енгиш учун ҳаракат қилади.

14 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасидаги мусобақанинг 7-турида бразилиялик Ким Пол Мариани енгган Жавоҳир Бозоров 8-турда қора доналарда нидерландиялик Итан Чуа билан баҳс олиб боради. Айни пайтда Жавоҳир Бозоров 19 нафар шахматчи сингари 4 очко билан 118 нафар иштирокчи орасида 32-50-поғоналарда жойлашиб турибди.

8-тур учрашувлари арафасида Афруза Ҳамдамова 6,5 очко билан якка пешқадамга айланган. ФИДЕ байроғи остида мусобақада қатнашаётган Лейла Табермакова 6 очко билан кейинги ўринни банд этган. Қозоғистонлик Зарина Нургалиева 5,5 очкога эга бўлса, яна 7 нафар шахматчи қиз 5 очко жамғарган ҳолда уларни таъқиб қилмоқда.

Нилуфар Имомқўзиева, Кесари Мгеладзе (Грузия), Юньцин Чжао (Хитой), Диана Ҳофизова (ФИДЕ) ўз ёш тоифаларида 6 очко билан турнир жадвалида етакчига айланган. Шунингдек, 1 нафари 5,5, 11 нафари 5 очко билан чемпионлик йўлида кураш олиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, 62 та давлатнинг 527 нафар шахматчиси иштирокида ўтаётган жаҳон чемпионати баҳслари 10 ноябрга қадар давом этади.

Т.Рўзиев,  

ЎзА