«Қалқон – 2023»
Тошкент ҳарбий округи “Ангрен” дала ўқув майдонида Ўзбекистон ва Қозоғистон Қуролли Кучлари бўлинмалари ҳамкорлигидаги “Қалқон – 2023″ махсус-тактик ўқувларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.
Бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида нотинчлик, кескинлик ва қуролли тўқнашувлар ўзаро мулоқотларда ҳал қилувчи куч сифатида намоён бўлаётгани ва улар минтақамиз яқинида юз бераётгани ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни янада кучайтиришга ундамоқда. Бошланаётган махсус-тактик ўқув ҳам икки мамлакатнинг ҳарбий соҳадаги узоқ йиллик тарихий асосларга эга дўстона муносабатларининг яна бир тимсолидир.
Тадбирда Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони полковник Зокир Сайфуддинов сўзга чиқиб, икки давлат ўртасида ҳарбий соҳада яқин ҳамкорликнинг ўрнатилиши Марказий Осиё минтақасидаги хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Мазкур ҳамкорликдаги ўқув машғулотлари Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбий хизматчилари учун ўзаро тажриба алмашиш, энг муҳими, ҳамжиҳатлик ва дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
ЎзА