Мамлакатимизда ёз ойлари ҳаво ҳароратининг юқори бўлиши одатий ҳолат. Айни шундай иссиқ кунларда кондиционерлар жонга оро киради. Бироқ совиткичлардан мунтазам фойдаланишнинг соғлиққа салбий таъсири ҳам бор.
Ўзбекистон бўйича маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, бинолардаги кондиционерлар ҳароратини 2 даражага пасайтириш 293 миллион киловатт соат электр энергиясини тежаш ва СО2 ажралишини 155,8 минг тоннага камайтириш имконини беради.
Хоналарни совитиш учун сарфланаётган энергия дунёда истеъмол қилинаётган электр энергиясининг 10 фоизини, йиллик иссиқхона газлари ажралишининг салкам 4 фоизи (1,950 миллион тонна) ни ташкил этади.
Кондиционер ҳароратини (совитиш тартибида) 1°С га ошириш истеъмол қилинадиган электр энергиясини 7 фоизга тежайди, енгил кийим кийиш эса хонадаги идеал ҳароратни Цельсий шкаласи бўйича 2 даражага оширади.
Шундан келиб чиқиб, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари кийиниш услубининг хоналардаги совитиш тизимига таъсирини таҳлил қилди. Бунда костюм ва галстуклар ўрнига қулай кундалик кийимга ўтиш ички энергия истеъмолига сезиларли таъсир кўрсатиши, харажатларни камайтириш ва иқлим учун фойдали бўлиши мумкин экан.
МҲТИ катта илмий ходими Абдусаттор Абдумўминовнинг фикрига кўра, қулай ҳарорат оралиғи 23,5°С дан (костюмдаги ишчи учун) 29°С гача (ёзги кийимдаги киши учун) ташкил қилади. Аммо кўп ҳолларда термостат кўрсаткичи энг қуйи чегарага ўрнатилади ва натижада ишчиларнинг катта қисми ҳатто йилнинг жазирама кунларида ҳам иссиқ кийим кияди.
– Баъзи мамлакатларда костюм ва галстукли ишчилар учун қулай ҳарорат яратиш учун кондиционерлардан фойдаланмасликка ҳаракат қилинмоқда ва қулай кундалик кийимлар кийиш рағбатлантирилаяпти. Масалан, Япония ҳукумати томонидан ҳар йили ўтказиладиган “Cool Biz“ тадбири орқали офисларда рухсат этилган кийиниш услубини ўзгартириш рағбатлантирилади ҳамда энергияни тежашга эришилади. Дейлик, Жанубий Корея ҳам 2006 йилдан ”Cool Biz“ тадбирини татбиқ эта бошлаган бўлса, БМТ Бош котиби энергия сарфини камайтириш ва БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳининг углерод изини камайтиришга қаратилган ”Cооl UN“ ташаббуси билан чиқди. Шанхайдаги 32 та офис биносида костюм ва галстуклар енгил кийимларга алмаштирилган ҳамда хоналардаги ҳарорат икки даражага, яъни 26°С га кўтарилган. ”Мавсумга қараб кийиниш” об-ҳаво омилини инобатга олган ҳолда ва қулайлик даражасидан келиб чиқиб кийинишни англатади. Бу нафақат ички энергия истеъмолини қисқартиради, балки харажатларни камайтиради ва иқлим учун ҳам фойдали, – деди А.Абдумўминов.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА