9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрами муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Ф.Шерматов ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳолидан хабар олиб, уларни байрам билан қутлашди.
Иккинчи жаҳон урушида 66 минг нафар қорақалпоғистонлик иштирок этган ва улардан 34 минг нафари жанггоҳларда ҳалок бўлган. Фронтга сафарбар этилган 14 мингдан зиёд жангчига жанговар хизматлари учун давлат мукофотлари – унвон, орден ва медаллар берилган.
Нукус шаҳрида истиқомат қилиб келаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Қодирбой ота Норманов бу йил 98-баҳорини қарши олади. 9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрамига Қодирбой отанинг уйида ҳар йили ўзгача тайёргарлик кўрилади. Бу сафар ҳам байрам арафасида меҳмонларнинг кети узилмади. Тичлигимиз, осойишталигимизнинг давомийлигига ўз ҳиссасини қўшган Қодирбой ота шу куни ўзгача кайфиятда бўлди. Меҳмонлар билан дилдан суҳбатлашиб, тинчликнинг қадри қанчалар баланд эканини таъкидлади. Дуога қўл очган Қодирбой ота юртимизда тинчлик-осойишталик бардавом бўлсин, дея ният қилди. Албатта, урушни кўрган инсонлар тинчликнинг қадрини яхшироқ билишади, янада теран англайди. Зеро, нотинч юртда, энг аввало халқ қийналади, тарих йўқотилади, қадимий урф-одат ва анъаналар, келажакка улкан орзулар барбод бўлади. Шу учун донишманд халқимиз ҳар вақт тинчлик бўлсин дея дуога қўл очади.
Навбатдаги манзил Қораўзак тумани А. Досназаров овул фуқаролар йиғинида яшовчи, 1925 йилда таваллуд топган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Генжемурат ота Алланиязовнинг хонадони бўлди.
Генжемурат ота 1943 йилнинг 5 март куни, айнан Иккинчи жаҳон урушининг энг қизғин палласида ҳарбий хизматга чақирилиб, шу йилнинг 25 март санасидан сентябрь ойига қадар 84-ўқчи дивизиясида хизматни ўтади. Кейинчалик 76-ўқчи дивизиясида фашистларга қарши кураш олиб борган. 1944 йилнинг март ойдан 1945 йилнинг августига қадар 59-Гвардия ўқчи дивизиясида “мерган”, урушдан кейин эса 1950 йилгача “минометчи” лавозимларида хизматни ўтаб, “сержант” ҳарбий унвонига эга бўлди ва захирага бўшатилди.
Уруш қатнашчиси Украина, Руминия, Молдавия, Австрия, Чехословакия давлатларини фашистлар босқинидан озод қилиш жангларида мардлик намунасини кўрсатган. 1945 йилнинг февраль ойида Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрини озод қилишда фашистлар томонидан отилган снаряд парчасидан оғир жароҳатланган. Даволаниш муассасасидаги муолажалардан кейин эса яна сафга қайтарилган.
Кейинги манзил Нукус шаҳридаги 22-кичик даҳада Тошкент шаҳридан невараси олдига меҳмонга келган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Мария Корнишинанинг хонадони бўлди. Мария Ивановна 1929 йилда таваллуд топган бўлиб, 1944 йилда ҳаракатланувчи эвакуация қилувчи госпиталь таркибида ҳамшира бўлиб хизмат қилади. Суронли уруш йиллари Украина ва Польшадаги жангларда ярадор бўлган жангчиларни эвакуация қилиш, уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, жанг майдонларида олиб чиқишда жонбозлик кўрсатади. Уруш тугаганидан кейин Нукусга қайтиб, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида сержант лавозимида хизматни давом эттиради. Нафақага чиққач, Тошкент шаҳрига кўчиб кетади. Айни вақтда невараси Алексей бувисини қарамоғига олиб, Нукус шаҳрига қайтариб келди.
Ташриф давомида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси уруш қатнашчиларига Президентимизнинг табригини ўқиб эшиттирди ҳамда давлатимиз раҳбари номидан 18 миллион сўм миқдоридаги бир марталик пул мукофоти ва эсдалик совғаларини топширди. Бир қатор ташкилотлар номидан ҳам қимматбаҳо совғалар улашилиб, уларга эҳтиром кўрсатилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири