Президент Шавкат Мирзиёев парламент аъзолари, сиёсий партиялар ва жамоатчилик вакиллари билан учрашув ўтказмоқда.

Мамлакатимиз суверенитетини янада мустаҳкамлашда глобал иқлим ўзгариши, озиқ-овқат, энергетика, логистика билан боғлиқ хавф-хатарлар, сув тақчиллигининг салбий таъсирини юмшатиш бўйича янги ташаббус ва дастурлар ишлаб чиқилиши ва ҳамкорларимиз билан бирга фаол иш олиб борилиши қайд этилди.

–Биз Ўзбекистонни ижтимоий давлат, деб эълон қилдик. Мамлакатимизда 2 миллион 200 мингдан зиёд ижтимоий кўмакка муҳтож, давлатдан ёрдам олаётган оилалар бор. Аҳолимизнинг 55 фоизи ёшлардан иборат.

Янгиланган Конституциямизда давлатнинг ижтимоий мажбуриятлари 3 баробар кўпайтирилмоқда.

Бу рақамни айтиш осон, лекин уни амалда таъминлаш жуда катта меҳнат талаб қилади. Бунга давлат бюджетидан ҳар йили қўшимча 30-40 триллион сўм ажратиш керак бўлади, – деди Президент.

Бунинг ҳисобидан ҳар йили юзлаб янги боғчалар, мактаб ва шифохоналар қуриш лозимлиги таъкидланди.

Ёшлар сиёсатини, таълим-тарбия, илм-фан, маданият ва спорт соҳаларини ривожлантиришни устувор вазифа сифатида юқори босқичга кўтариш бўйича ҳам янги имкониятлар сафарбар этилади.

Нуронийлар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган инсонлар, алоҳида эътиборга муҳтож аҳоли қатламига ижтимоий хизматлар кўлами янада кенгайтирилади.

Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори мунтазам ошириб борилади.

 

ЎзА