Ҳар йили 9 май мамлакатимизда “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида нишонланиб келинади. Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ. Ўтганларни, уларнинг хайрли ишларини, жасоратини ёдга олмоқ, эъзозламоқ халқимизга хос эзгу фазилатлардандир. Бинобарин, хотира бу – унутмаслик деганидир. Соҳибқирон Амир Темур ҳам сўзини “Бизким…” дея ўз Ватанини, халқини, аждодларимиз ҳурматини бажо этиш билан бошлаган. Ўз навбатида, Мирзо Улуғбек ҳам, шоир ва саркарда Бобур ҳам, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий ҳам аждодлар руҳига муносиб, буюк ишларнинг давомчиси бўлишга интилганлар. Шунинг билан бирга, хотира – тириклик чашмасидир. Ундан имон-эътиқод билан сув ичганлар авлоди қудратли ва салоҳиятли бўлади.

Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанглардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, имони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланди.

Хотирани асраш – бу бизнинг ўзимиз ва авлодлар олдидаги аҳлоқий бурчимиздир. Хотира – бизнинг бойлигимиздир. Кечаги кун сабоқларини, халқимиз келажаги йўлида жон фидо қилган инсонларни хотирлаш бугунги кунимизни қадрлашга ўргатади. Хотира – бу тирик тарих. У кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Шу боис, инсон ўз хотира бойликларини қадрлайди.

Бугун нишонланаётган байрамимиз шундай бир кунки, у шу юртда яшаётган ҳар қайси оила, ҳар қайси хонадон учун бевосита дахлдор бўлган, уларнинг ҳаётида қандайдир чуқур из қолдирган тарихий санадир.

“Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан фидойи боболаримиз, оналаримизга чуқур ҳурматда эканимизни, тинчликнинг қадрига етиш, тинч-осойишта яшаётганимиз, турмуш фаровонлигини таъминлаш учун тер тўкиб, унумли меҳнат қилаётганимизнинг шукронасини қилишдан иборатдир. Бу ҳар қандай кишини маънан рағбатлантиради, уни яшашга, яратишга, элу-юртга садоқат ва қатъият билан хизмат қилишга ундайди.

Юртимиз тинчлиги йўлида ўз жонларини фидо қилган азиз инсонлар руҳи олдида ҳамда юртимизда кўп йиллар давомида меҳнат қилиб, ҳозирда нафақада бўлган фахрийлар, ҳозирда фаолият юритаётган фахрий инсонларимиз меҳнати ва матонати олдида бош эгамиз.

 

 

                                   Рахима  Юлдашева,

O’zLiDeP дан Халқ депутатлари Беруний туман Кенгаши депутати.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги