Россия билан Ғарб ўртасидаги навбатдаги қарама-қаршилик Арктиканинг бой табиий захиралари учун бўлади, деб ёзмоқда Bloomberg агентлиги.

Агентликнинг ёзишича, Арктика узоқ вақт геосиёсатдан ҳоли бўлди, лекин иқлим ўзгариши ва захиралар ортидан қувиш вазиятни ўзгартирмоқда. Арктиканинг можаросиз минтақа мақоми хавф остида қолиши мумкин.

Хабарда таъкидланишича, НАТО кенгайиши ва Финландиянинг альянсга қўшилиши (эҳтимол, яқин орада Швеция ҳам қўшилар)  минтақадаги вазиятга таъсир кўрсатади, чунки Россия НАТОга кирмайдиган ягона Арктика мамлакати ҳисобланади.

Мамлакатларнинг Арктика даъвосига асосий сабаб,  унинг табиий захираларга бойлигидир. АҚШ Геология хизмати 2008 йилда тайёрлаган маълумотларга кўра, Арктика музликлари остида 90 миллиард баррель нефть, 1,7 минг триллион куб фут табиий газ, 44 миллиард баррель газ конденсати  бор. Арктиканинг материк қисмида қалай, олтин, олмос, симоб, қора металларнинг катта захиралари яшириниб ётибди.