Кеча 3 май куни юртимизда мустақил фаолият юритувчи nemolchi.uz лойиҳасининг муаллифи ва жамоатчилик фаоли Ирина Матвиенко ўзининг ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаларида унга ўлим билан таҳдид қилингани туфайли Ўзбекистонни тарк этгани ва айни дамда Тбилисида эканлигини маълум қилган эди.
Мазкур ҳолатга Президент Aдминистрацияси ҳузуридаги Aхборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги расмий муносабат билдириб чиқди. Унда айтилишича:
АОКА бу каби ҳолатларни сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, журналистларнинг эркин фаолият кўрсатиши борасидаги янгича очиқлик сиёсатига зид хатти-ҳаракатлар сифатида кескин қоралайди. Шунга кўра, АОКА воқеликни ўрганиш ҳамда вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага ушбу масалани назоратга олишни сўраб расмий хат орқали мурожаат қилди. Агентлик олиб борилаётган ўрганиш натижаларини диққат билан кузатиб боради ҳамда журналист ҳаёти хавфсизлиги таъминланишига, шунингдек, қонунчиликка зид равишда таҳдид қилган шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилишига ишонади.
Айни пайтда И.Матвиенконинг шахсий саҳифасида эълон қилинган хабар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва мутасадди идоралар томонидан ўрганилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, журналист Ирина Матвиенко ижтимоий тармоқларда жинсий зўравонликка қарши чиқишлари билан кенг жамоатчиликка танилган. Хоразм вилоятидаги 3 нафар меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан боғлиқ хабар ҳам дастлаб nemolchi.uzда маълум қилинган эди.
Ў.Алимов тайёрлади, ЎзА