Қирғизистон ҳукумати яқин йилларда республика ҳудудида юз минглаб янги иш ўринларини ташкил қилиш ниятида, деди бош вазир ўринбосари
Эдил Байсалов ҳукумат мажлисида сўзга чиқиб.
“Ҳозирча республика раҳбарияти юз минглаб янги иш ўринларини мамлакат ҳудудида яратиш устида қаттиқ ишламоқда, яқин йилларда биз барибир ишчи кучимизни хорижга экспорт қилишга мажбур бўламиз”, – дея келтиради Байсаловнинг сўзларини вазирлар маҳкамаси матбуот хизмати.
Бош вазир ўринбосарининг таъкидлашича, бундай шароитда энг муҳими хорижга ишлашга кетаётган Қирғизистон фуқароларининг касб малакасини оширишга эътибор қаратиш. “Масала шундаки, биз одамларимизни юқори маош тўланадиган ишларга жўнатишимиз керак. Россия, Европа ва Осиёда биз учун миллионлаб ваканция очиқ турибди, бироқ биз шу даражага муносиб бўлишимиз керак. Ҳозирда биз учун долзарб бўлган масала – фуқароларимизни хорижий тилларга ўқитиш, касб малакасини оширишдан иборат”, – деган у.
Қирғизистон меҳнат, ижтимоий таъминот ва миграция вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирда республикадан 1,5 миллион фуқаро хорижда ишлайди, ушбу рақам йилдан-йилга ошмоқда. Ҳукуматнинг маълум қилишича, хорижий мамлакатларда меҳнат фаолиятини олиб бораётган қирғизистонликларнинг тахминан 80 фоизи Россияда ишламоқда.