Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлиги ташкилотига кирувчи Саудия Арабистони, БАА, Қатар, Баҳрайн, Кувайт ва Уммон шенген ҳудудига ўхшаш ягона виза ҳудудини яратиш масаласини муҳокама қилмоқда, деб хабар тарқатди Arabian Business нашри.

Хусусан, Баҳрайн туризм вазири Фотима ас-Сайрафи, БАА иқтисодиёт вазири ўринбосари Абдулла Ал Солиҳ ва Саудия Арабистони туризм бошқармаси директори Фахд Хамидаддин душанба куни Дубайда очилган Arabian Travel Market кўргазмасида ушбу масала бўйича музокара ўтказган. Arabian Business нашрининг таъкидлашича, учрашув иштирокчилари Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлиги ташкилоти ҳудудида виза тартибларини унификация қилиш зарурлигини таъкидлашган.  

“Форс кўрфази минтақасида шенген визасига ўхшаш виза тартиби жорий қилиниши улкан фойда келтиради ва уни тан олиш жуғрофияси ҳам кенгаяди.  Форс кўрфази мамлакатларига сафар қилиш осонлашса, бу туристик соҳа ривожига ижобий таъсир қилади, саёҳатчилар эса чегараларни кесиб ўтаётганда чекловларга дуч келмайди”, – дея таъкидлаган Саудия Арабистони вакили Фахд Хамидаддин.