Фарғона политехника институтида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ташаббуси билан Жаҳон Банкининг “Ўзбекистон миллий инновацион тизимини модернизация қилиш” (MUNIS) лойиҳаси доирасида режалаштирилган “Технологияларни тижоратлаштириш ва стартап лойиҳаларни амалга ошириш” ўқув дастурига старт берилди.

Дастурнинг асосий мақсади ҳудудлардаги ёш олимлар, тадбиркорлар ва ўз стартап ғояларига эга ёш олимларнинг лойиҳаларини амалга оширишда амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда технологияларни тижоратлаштиришда уларни қўллаб-қувватлашдан иборат. Тренингда муваффақиятли иштирок этган иштирокчиларни лойиҳанинг якуний босқичи якунлангандан сўнг сертификатлар билан тақдирлаш режалаштирилган.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг ўринбосари Шаҳло Турдиқулова, Жаҳон банки ишчи гуруҳи раҳбари Жаноб Ерала Бексултан, MUNIS лойиҳаси раҳбари Дилшод Азгаров, илмий лойиҳалар ва бизнес-стартапларни амалга ошириш бўйича халқаро эксперт Сергей Макаров лойиҳанинг мақсад ва вазифалари тўғрисида маълумотлар берди.

–Дастурнинг асосий мақсади 2022-2026 йилларда инновацион ривожланиш стратегиясида белгиланган вазифаларга эришиш учун ҳудудлардаги ёш олимлар, тадбиркорлар ва ўз стартап ғояларига эга ёшларга лойиҳаларини амалга оширишда амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш, технологияларни тижоратлаштиришда уларни қўллаб-қувватлашдан иборат, – дейди Фарғона политехника институти 2-босқич таянч докторанти Аҳаджон Ўлмасов. – Лойиҳа, шунингдек, МУНИС лойиҳасининг кичик таркибий қисмлари учун мақсадли аудиторияни кенгайтиришга ёрдам беради. Умид қиламизки, дастур доирасидаги тренинг машғулотлари инновацион ғоя ва лойиҳаларнинг самарали амалга оширилишида қўл келади. Лойиҳа жорий йилнинг май ойида бошланиб, 8 ой давомида 12 та вилоят ва Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилади. Лойиҳа доирасида тренинглар ташкил этилиб, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида бепул интерактив семинарлар ўтказилади.

Мазкур лойиҳа фан, таълим ва инновациялар соҳаларини ривожлантиришга хизмат қилиб, мамлакатнинг демографик салоҳиятини очиб беришга қаратилган ва амалда синовдан ўтиб йўлга қўйилган дастурдан иборат.

М.Сулаймонов, ЎзА