2022 молиявий йилда (у жорий йил 31 мартда якунланган) Япония Ҳарбий-ҳаво кучлари қирувчи самолётлари хорижий ҳарбий учоқларнинг мамлакат ҳаво ҳудудига яқинлашуви муносабати билан тезкор равишда деярли 780 марта ҳавога кўтарилган.
Япония Ўз-ўзини мудофаа кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасининг эълон қилган ҳисоботига кўра, 560 га яқин парвозлар Хитой ҳаво ҳаракати билан боғлиқ.
“KYODO” агентлигининг хабарига кўра, 150 марта мамлакат қирувчилари Россия самолётларини қайд этишган. Японияда ҳаво ҳудудини бузиш ҳолатлари кузатилмаган.
Мамлакат авиацияси томонидан бундай тезкор парвозларининг умумий сони 2021 йилдаги ҳолатга нисбатан камайган.
Шу билан бирга, Япония Мудофаа вазири Ясукадзу Хамада матбуот анжуманида Россия ва Хитой Ҳарбий-ҳаво кучлари минтақада фаол ҳаракат қилишда давом этишини қайд этди.
“Биз юқори даражада ҳушёр бўлиш ва ҳаво ҳудудимизни ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўришда давом этамиз”, деб таъкидлади вазир.
ЎзА