Нукус туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 13 сентябрдаги ижро ҳужжатига кўра, қарздор “Қорақалпоқ сув таъминоти” масъулияти чекланган жамиятидан ундирувчи “Ипотека банк” фойдасига 2 миллиард 309,3 миллион сўм кредит қарздорлигини ундириш белгиланган бўлиб, мазкур ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюросининг Тахтакўпир туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро иши қўзғатилган.

Ижро ҳаракатлари давомида қарздор “Қорақалпоқ сув таъминоти” масъулияти чекланган жамиятининг банкдаги ҳисоб рақами инкасса топшириқномаси орқали хатловга олинган. Шунингдек, хизмат автомашиналари ҳам хатловга олиниб, қарздорлик белгиланган тартибда бартараф қилинмаса, хатланган мол-мулклар реализация қилиш учун савдога чиқарилиши ҳақида огоҳлантирилган.

Натижада, қарздор жамиятнинг ҳисоб рақамига келиб тушган пул маблағи ҳисобидан 2 миллиард  309,3 миллион сўм қарздорлик банк фойдасига тўлиқ ундириб берилди. Ижро иши Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа  органлар  ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида” ги қонуннинг 41-моддасига асосан амалда тамомланди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

ЎзА мухбири