13-14 апрель кунлари Ўзбекистон таҳлил марказлари вакилларидан иборат делегация Италиянинг Рим шаҳрида бўлиб, икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга қаратилган бир қатор учрашув ва мулоқотлар ўтказди.

Хусусан, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимовлар ташрифнинг биринчи кунида Италиянинг «Vision & Global trends» халқаро институти, Италия Халқаро ташкилотлар иттифоқи (SIOI) ҳамда Италиянинг Сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий тадқиқотлар институти (EURISPES)  раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди.

Мулоқотлар давомида Э.Туляков сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар, хусусан, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси мазмун-моҳияти ва унинг доирасида қабул қилинган Давлат дастурлари мониторинги, бу жараёнда Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Италиялик сиёсатчи ва таҳлилчиларга янги таҳрирда қабул қилинаётган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва унда назарда тутилаётган асосий ўзгартириш ва қўшимчаларга қаратилган тақдимотлар ҳам ўтказилди. Жумладан, янгиланаётган Конституциядаги ҳар бир ўзгартириш, аввало, кўп миллатли ўзбек халқининг хоҳиш ва истакларини инобатга олган ҳолда киритилаётганлиги, Конституция лойиҳасини тайёрлашда халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ва 190 дан ортиқ давлат тажрибаси ўрганилиб, 6 турдаги экспертизадан ўтказилганлиги таъкидланди.

Ўз навбатида, италиялик ҳамкорлар томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга катта қизиқиш билдирилди. Хусусан, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти, энг аввало, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларни ҳамкорлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва тотувлик асосида мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлари юқори баҳоланди.

Жумладан, янгиланаётган Конституцияга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларда ҳам Ўзбекистоннинг тинчликсевар ташқи сиёсатининг конституциявий асосларини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилганлиги эътироф этилди.

Самимий ва дўстона мулоқот руҳида ўтган учрашувлар якунида мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги жараёнларни доимий равишда таҳлил қилиб боришда икки давлат “ақл марказ”ларининг ҳамкорлигини янада ривожлантиришга келишиб олинди.

Шунингдек, ташрифнинг биринчи кунида “Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбари Э.Туляков италиялик таржимон Дориана Сомма билан Марказ томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларга бағишлаб тайёрланган “Янгиланаётган Конституция” номли инфографик рисолани итальян тилига таржима қилиш масаласида музокара ўтказди.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Д.Сомма 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини итальян тилига муваффақиятли таржима қилиб, мазкур нашрнинг Италия жамоатчилигига уларнинг она тилларида тақдим қилинишига ҳисса қўшган таржимон ҳисобланади.

Шаҳноза ТОШТЕМИРОВА, ЎзА