Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов Словакия Республикаси Миллий кенгаши раиси Борис Коллар бошчилигидаги парламент делегацияси билан учрашди.

Учрашувда Спикер Н.Исмоилов миллий парламентимиз, жумладан Қонунчилик палатасининг тузилиши хусусида батафсил маълумот берди.

Мулоқотда Ўзбекистон ва Словакия муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида сўз борди. Хусусан, икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон–Словакия муносабатларини янада кенгайтириш, мавжуд имкониятлардан фойдаланиш, савдо, иқтисодий-инвестициявий йўналишда ҳамкорликни янада кенг йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, учрашувда Конституциявий ислоҳотлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Таъкидланганидек, мамлакатимиз Конституцияси илк маротаба умумхалқ муҳокамаси – референдум асосида қабул қилинмоқда. Бош қомусимиз референдум асосида қабул қилинганидан кейин барча соҳаларда, жумладан, парламент фаолиятида ҳам ўзгаришлар бўлади. Боиси, янгиланаётган Конституцияда парламент палаталари ваколатларини кенгайтиришга оид қатор нормалар ўз аксини топмоқда.

Ўз навбатида, Словакия Республикаси Миллий кенгаши раиси Борис Коллар самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, мамлакатимиздаги барқарорлик ҳамда қўшни давлатлар билан ижобий ҳамда дўстона муносабатларимизга юқори баҳо берди.

Б.Коллар Ўзбекистон–Словакия муносабатларининг бугунги ҳолатига тўхталар экан, ҳозирги кунда икки томонлама савдо муносабатлари бор-йўғи 23-25 миллион еврони ташкил этиши мавжуд салоҳиятни акс эттирмаслигини, шу боис, савдо, иқтисодий ва инвестиция соҳасидаги, бундан ташқари, таълим йўналишида ҳамкорликни кенгайтиришга қўшимча саъй-ҳаракатлар қилиш лозимлигини қайд этди. Шунингдек, меҳмон ҳар иккала мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш ниятида эканлигини билдирди.

Учрашувда парламент фаолияти соҳасида тажриба алмашиш ҳамда савдо, иқтисодий ва инвестиция соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.

Ўзаро мулоқотдан сўнг делегация вакиллари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлислар зали билан танишди.

Муҳтарама Комилова, Даврон Эрназаров (сурат), ЎзА