Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан 2023 йил – Инсонга эътибор ва сифатли таълим йилига бағишлаб ташкил этилган Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивалида турли давлатлардан нуфузли меҳмонлар иштирок этмоқда.

ТУРКСОЙ Халқаро ташкилотининг бош котиби Султон РАЕВ улардан биридир. У мамлакатимизда кўтаринки руҳда ўтказилаётган Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди:  

– Халқаро Туркий маданият ташкилоти ТУРКСОЙ номидан барча ўзбекистонликларга самимий туйғуларимни изҳор этган ҳолда шуни таъкидлашни истардимки,  Ўзбекистоннинг энг қадимий шаҳарларидан бири, илм-фан маркази, маданият ва санъатнинг калби, цивилизациялар пойтахти Тошкентда санъат мухлислари билан юз кўришиб турганимдан бағоят хурсандман.

Турк дунёсининг муштарак платформаси бўлган ТУРКСОЙ ташкил топганидан буён турли хил маданий тадбирларни амалга оширди. Опера кунлари, шоирлар, бастакорлар, фотосуратчилар, ҳайкалтарошлар ва рассомлар учрашувлари, халқаро фестиваллар, хотира ва юбилей тадбирлари, кўргазмалар ташкил қилди. Конференциялар, симпозиумлар ва давра суҳбатлари ўтказди. Журналлар ва китоблар нашр этди. Маданий алоқаларимиз ва қардошлик ришталарининг мустаҳкамланиши ва умумий маданиятимизни дунёга танитиш учун фаолият олиб борди.

Турк дунёси рассомчилик санъатини танитиш, рассомларимиз ўртасидаги алоқаларни яхшилаш ҳамда тажриба алмашиш имкониятини бериш мақсадида 25 йилдан бери «ТУРКСОЙ Рассомлар учрашуви» ташкил қилинмоқда. 1997 йилдан бери давомли шаклда ўтказилиб келинаётган учрашувларда 500 нафарга яқин маҳоратли рассомлар қатнашди ва 2000 нафарга яқин асар дунёга келди. Учрашувлар натижасида яратилган ноёб асарлар асосида тайёрланган кўргазмалар Нью-Йорк, Теҳрон, Флоренциядан Работгача минглаб километрни босиб ўтди ҳамда 30 та мамлакат ва 100 га яқин шаҳарда ташкил қилинди.

Бу кўргазмалар туркий халқлар маданиятини ва Турк дунёсининг маҳоратли рассомларини санъат ихлосмандлари билан учраштирди. Ушбу асарларнинг деярли барчаси «ТУРКСОЙ расмлар коллекцияси»да жамланган. ТУРКСОЙ ўз расм коллекциясидан ўрин олган бу асарларни дунёнинг кўплаб мамлакатлари ва маданий марказларида юзга яқин аралаш ва шахсий кўргазмаларда санъат ихлосмандларига тақдим этди ва шу билан мамлакатларимиз ва халқларимизнинг рассомчилик санъатида эришган ютуқларини намойиш қилди. Шу билан бирга расмларда акс эттирилган маданий бойликларимизнинг бутун дунёга танилишига ҳисса қўшди.

Ҳар йили «ТУРКСОЙ Рассомлар учрашуви»га ташриф буюрадиган рассомларимизнинг асарлари ваколатли комиссия томонидан баҳоланади ва энг мукаммал асар ишлаган рассомга «ТУРКСОЙ расм мукофоти» берилади.

Умумий маданиятимизнинг тарғиб қилиниши, ривожлантирилиши, танитилиши, умуминсоний маданиятлар ичида ўз ўрнига эга бўлиши ва келажак авлодларга етказилиши учун изланишлар олиб бораётган ТУРКСОЙ ушбу мақсадга эришиш учун рассомларимиз кўмаги билан ўз тадбирларини давомли тарзда ўтказиб келмоқда.

Бугунги кунга қадар қуйидаги рассомлар, яъни Зебинисо Шарипова, Ортиқали Қозоқов, Адҳам Иброҳимов, Фахриддин  Фаттоҳов, Хайриддин Муҳиддинов, Нобижон Қодиров, Ёқубжон Сидиков, Нодир Бобомуродов ва Хуршид  Назаров “ТУРКСОЙ Рассомлар учрашуви”да Ўзбекистон номидан иштирок этди ва баъзилари ТУРКСОЙ мукофотини қўлга киритди.

Бизга маълумки, худди шу мақсадда узоқ йиллардан буён Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан хориждан кўплаб рассомлар иштирокида турли тадбирлар ўтказиб келинмоқда ва бугунги фестиваль ана шундай тадбирлардан биридир.  Албатта, бу тадбирларнинг муваффақиятли ўтиши ва дунёда акс-садо беришида Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нурнинг хизматлари катта.

Шу сабабли ҳам уларни чин қалбимдан табриклаб, ТУРКСОЙ оиласи сифатида ҳар доим қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигимизни билдираман. Фестивалнинг янада гўзал ўтишини истаган ҳолда унинг барча иштирокчиларига муваффақият тилайман.

Маълумки, Ўзбекистонда ҳар йили 21 апрель «Рассомлар куни» сифатида кўтаринки руҳ билан нишонланади ва шу муносабат билан барча рассомларимизни «Рассомлар куни» байрами билан муборакбод этаман.

ЎзА мухбири Назокат Усмонова ёзиб олди.