Бугун Марказий сайлов комиссияси томонидан “Ўзбекистонда референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбатида МСК раиси Зайниддин Низомхўжаев Марказий сайлов комиссияси томонидан референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида халқаро экспертлар ҳамжамиятига маълумотлар берди.

Жумладан, раис парламент палаталарининг биргаликдаги ваколатларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасига мувофиқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати ўз ялпи мажлисларида “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш тўғрисидаги масалани кўриб чиққани ва Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш санаси 2023 йил 30 апрелга белгиланганини таъкидлади.

Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси раиси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, референдумни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишлар Марказий сайлов комиссиясига юкланганини алоҳида таъкидлади. Айни пайтда МСК томонидан мазкур йўналишда амалга оширилаётган босқичма-боқич жараёнлар ҳақида иштирокчиларни таништириб ўтди.

Давра суҳбатида сайлов жараёнида рақамли технологиялардан фойдаланиш, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш масалалари бўйича ҳам маълумотлар берилди. Шу билан бирга, референдум ўтказиш бўйича 14-Тошкент шаҳар ва 8-Сирдарё округ комиссиялари раисларининг референдум ўтказувчи округ комиссиялари фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги маълумотлари тингланди.

Ўз навбатида, хорижлик экспертлар ҳам алоқаларни янада мустаҳкамлаш, сайлов соҳасидаги халқаро, амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ўз фикр ва тавсияларини билдирди.

Муҳтарама Комилова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА