Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида «Конституциявий ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамияти: Янги Ўзбекистон – янгиланаётган Конституция» мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, халқаро экспертлар, олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Халқаро давра суҳбатини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотлар ҳақида маълумот берди:

– Янгиланаётган Конституция умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Мазкур муҳокама даврида дастлаб 150 минг, кейинчалик муҳокамалар давом эттирилгани натижасида 220 мингдан ортиқ таклиф келиб тушди. Таклифларнинг 70 фоизи ёшлар томонидан тақдим этилган. Яъни, Конституция лойиҳаси матни бир гуруҳ олим, мутахассислар томонидан эмас, балки халқнинг, кенг жамоатчиликнинг таклифи ва фикри асосида ишлаб чиқилди. Конституциявий ислоҳотларнинг дастлабки икки босқичида халқнинг фикри, таклифлари ўрганилди. Муҳокамаларда фаол иштирок этган 200 га яқин фуқароларга ташаккурномалар юборилди. Умумхалқ муҳокамаси асосида Бош қомус лойиҳаси тайёрлангани, Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамият жипслашгани, Бош қомусимиз том маънода халқ Конституцияси бўлаётганидан далолат беради, – деди А.Саидов.

Давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Одилжон Тожиев маъруза қилиб, Конституциявий ислоҳотларнинг бориши хусусида батафсил маълумот берди:  

– Бош қомусимизга ўзгартиришлар киритиш жараёни ўзгача сиёсий муҳитда, яъни халқимизнинг сиёсий онги, фаоллиги, ҳуқуқий маданияти жамиятда кечаётган янгиланиш ва ўзгаришларга монанд равишда ўсиб бораётган, давлат ва жамият бошқарувида очиқлик тамойиллари таъминланаётган бир даврда ўтмоқда. Конституциявий қонун лойиҳаси турли экспертизалардан, жумладан лингвистик, юридик, гендер-ҳуқуқий, коррупцияга қарши, жамоатчилик ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича нормаларга мувофиқлиги бўйича экспертизалардан ўтказилди. Парламент томонидан жорий йилнинг 30 апрель санасида Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича умумхалқ муҳокамаси – референдум ўтказиш бўйича қарор қабул қилинди.

Халқаро давра суҳбатида депутатлар, сенаторлар ҳамда халқаро экспертлар ҳам сўз олиб, мамлакатимиздаги мазкур жараёнлар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Жумладан, Корея университети Ижтимоий масъулият институти директори Же Ҳёк Шин Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясининг мамлакат ижтимоий-сиёсий, иқтисодий тараққиётида аҳамияти катта бўлишини, парламент ваколатларини кенгайтиришга қаратилган нормалар муҳимлигини таъкидлади. Жанубий Корея тажрибаси ҳақида маълумот бериб ўтди.

Якунда давра суҳбати иштирокчилари, халқаро экспертлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биноси билан танишди.

Давра суҳбатида билдирилган фикр-мулоҳазалар, берилган таклифлар алоҳида тўплам ҳолида нашр қилинади.

Муҳтарама Комилова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА