Япониянинг Нагано префектурасига қарашли курорт шаҳар Каруизавада G7 мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги учрашуви бошланди.
Тадбирнинг Ҳинд-Тинч океани минтақаси муаммоларига бағишланган биринчи сессиясида Ҳиндистон ва АСЕАН билан ҳамкорлик муҳим экани таъкидланиб, тузилма доирасида минтақавий муаммолар бўйича мунтазам мулоқот ўтказиб туришга келишилган. Бу ҳақда кунчиқар юрт ТИВ сессия якунларига бағишлаб тарқатган хабарда маълум қилинди.
Маълумки, 2023 йил ушбу гуруҳга раислик Японияга ўтди. 19-21 май кунлари Хиросима шаҳрида бўлиб ўтадиган асосий Саммитга “Еттилик” давлатларидан ташқари Ҳиндистон, Австралия, Бразилия, Жанубий Корея, Вьетнам ва яна уч мамлакат – АСЕАНга раислик қилаётган Индонезия, Тинч океани ороллари форумига раислик қилаётган Кук Ороли, Африка иттифоқига раислик қилаётган Комор ороллари Иттифоқи ҳам таклиф этилган. Анжуманда БМТ, Халқаро энергетика агентлиги, Халқаро валюта жамғармаси, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD), Жаҳон банки, ЖССТ ва Жаҳон савдо ташкилоти сингари нуфузли халқаро ташкилотлар ҳам иштирок этиши кутилмоқда.