Душанба куни Япон денгизида Жанубий Корея, АҚШ ва Япония ракеталарга қарши мудофаа бўйича уч томонлама машқларни бошлади, деб хабар тарқатди Рёнхап агентлиги Жанубий Корея ҳарбий денгиз кучлари манбаларига таяниб.
Мазкур уч давлат 22 февралда ҳам шу каби уч томонлама машқларни ўтказган эди. Шунингдек, 3 апрелда АҚШнинг “Нимиц” авиаташувчиси иштирокида уч мамлакат ҳарбий денгиз кучларининг ўқув-машқлари ўтказилди.
Хабарда келтирилишича, бу галги машқларда ҳар бир мамлакатдан Aegis тизими билан таъминланган учтадан эсминц иштирок этади. Машқлардан кўзланаётган мақсад Баллистик ракеталарни олдиндан пайқаш ва кузатиб боришни такомиллаштириш ҳамда бу ҳақда маълумотлар алмашиш.
Аввалроқ Шимолий Корея илк маротаба қаттиқ ёқилғида ишлайдиган “Хвасон-18” қитъалараро баллистик ракетасини синаб кўргани ҳақида маълум қилинган эди. Сўнгги пайтларда Шимолий Кореянинг кетма-кет амалга ошириб келаётган ракета синовлари Япония ва Жанубий Кореянинг қаттиқ хавотирига сабаб бўлмоқда.