Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Суданда 15 апрель куни эрталаб Тезкор ҳаракат кучлари (РРФ) ва Судан армияси бўлинмалари ўртасида бошланган қуролли тўқнашувни кескин қоралади. Бу ҳақда бош котиб матбуот котиби Стефан Дюжаррик ёзма баёнотида айтган.
“Бош котиб РРФ ва Судан Қуролли кучлари раҳбарларини тўқнашувни зудлик билан тўхтатиш, тинчликни таъминлаш ва мавжуд инқирозни ҳал қилиш учун мулоқот бошлашга чақиради”, — дейилади баёнотда.
Дюжаррик зиддият кучайиши оқибатида мамлакатдаги гуманитар вазият ёмонлашганига эътибор қаратди. Гутерриш минтақа давлатларини Суданда тартибни тиклашга қаратилган саъй-ҳаракатни қўллаб-қувватлашга чақирмоқда, деди у.
Бош котиб БМТ Судан халқининг демократик ўтиш даврини тиклаш, тинч ва хавфсиз келажак барпо этишга интилишини рўёбга чиқаришга қаратилган саъй-ҳаракатини қўллаб-қувватлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди, — дейилади хабарда.
Маълумотга кўра, Хартум ва Суданнинг турли шаҳарларида армия ва Тезкор ҳаракат кучлари ўртасида юз берган қуролли тўқнашувда 56 нафар оддий аҳоли вакили қурбон бўлган, 595 киши яраланган. Сўнгги ойларда “даҳанаки жанг” қизғин можарога айланиб кетди.
ЎзА