Россияда жосусликда айбланаётган “The Wall Street Journal” газетасининг журналисти Эван Гершкович қамоқхонадан АҚШдаги оиласига рус тилида мактуб ёзди, деб хабар берди ўзи ишлайдиган нашр.
Газетага кўра, Гершкович икки варақдан иборат қўлда битган мактубини 5 апрелда ёзган.
Филадельфияда истиқомат қилаётган журналистнинг ота-онаси жума куни хатни олган.
“Таъкидламоқчиманки, умидимни узмаяпман. Мен ўқиш билан машғулман, жисмоний машқ қиляпман ва бир нималарни ёзяпман. Охир-оқибат яхши бир нарса чиқиши керак”, деб ёзди маҳбус.
Хат охирида “кўришгунча”, дейилган.
Бу унинг Россияда ҳибсга олинганидан кейин оиласи билан биринчи марта тўғридан-тўғри алоқасидир.
Гершковичнинг ота-онаси, нашрнинг қайд этишича, собиқ Совет Иттифоқидан 1979 йилда ҳижрат қилишган.
ЎзА