Президент раислигида «Янги Ўзбекистон” массивларида уй-жой қурилиши ва 2023 йил учун ипотека дастурини амалга ошириш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Давлатимиз раҳбари қурилиш ҳажмларини ўз вақтида таъминлаш ҳар бир вилоят иқтисодий кўрсаткичларининг ўсишига катта туртки беришини таъкидлади. Шу боис, аҳоли ва қурувчилар учун янги енгиллик ва имкониятлар яратилади.

Жумладан, ипотека кредити ва субсидия билан кўпроқ аҳоли қамраб олинади:

– 1 майдан бошлаб расмий даромади етарли бўлмаган аҳолига ҳам ипотека кредити олиш имкони яратилади. Бунда уларнинг тўлов қобилиятини аниқлашда банк картасидаги айланма, ижара, коммунал ва бошқа харажатларга тўланган пуллари ҳам ҳисобга олинади;

– дастлабки бадални кўпроқ тўлаган фуқаролар банкдан арзонроқ кредит олиш имкониятига эга бўлади;

– субсидияга ажратилган маблағларни тезроқ ишлатиш учун субсидия хабарномасининг амал қилиш муддати 12 ойдан 4 ойга туширилади. Яъни, бу муддат қисқартирилиши орқали субсидиядан кўпроқ аҳоли фойдаланиши учун имконият яратилаяпти.

Шу билан бирга, 4 ой давомида сертификатидан фойдаланмаган фуқароларга субсидия олиш учун яна қайта мурожаат қилиш ҳуқуқи берилади.

ЎзА