БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк бошчилигидаги делегация мамлакатимизга ташрифи доирасида Оролбўйида ҳам бўлди.

Делегация аъзоларини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев қабул қилди. Меҳмонларни ташриф билан қутлаб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Оролбўйини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлаш, бугунги куннинг долзарб муаммоси ҳисобланган экологик ҳолатни барқарорлаштириш борасида қабул қилинган фармон ва қарорлар,  уларнинг ижроси юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди. Албатта, ушбу ислоҳотлардан кўзланган мақсад – “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” тамойили асосида инсон ва унинг бахтли келажагини таъминлаш бўлиб ҳисобланади.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк самимий қабул учун миннатдорлик билдирди. Инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида муҳим масалаларга тўхталди.

Меҳмонлар шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида ҳам бўлди. Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, сенатор А.Данияров билан бўлган мулоқотда ёшларни ҳар томонлома қўллаб-қуввашлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр алмашилди.

Куннинг иккинчи ярмида  БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк Нукус шаҳридаги «Амударё» маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари билан учрашди. Учрашувда ҳудудни ободонлаштириш, аҳоли мурожаатларининг бажарилиши, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан сўз юритилди. Меҳмонлар маҳалла фуқаролар йиғини биноси, ҳудуддаги 21-умумтаълим мактабида бўлди.

И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида жорий йил 10 декабрда нишонланадиган Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллиги ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Вена декларацияси ва Ҳаракатлар дастури қабул қилинганининг 30 йиллигига бағишланган талаба ёшлар билан учрашув бўлди.

Шунинг билан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк бошчилигидаги делегация аъзоларининг Оролбўйига сафари якунланди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

ЎзА мухбири