Қозоғистонлик дастурчилар туркий тиллар учун тилни аниқлаш технологиясини яратди. Мазкур кўп тилли модел мобил илова яратиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин, деб хабар қилди «Хабар24». Қозоқ тилидаги нутқни беш сонияда матнга ўзгартирадиган мазкур дастур ёрдамида нафақат қозоқ тилини, балки, озарбайжон, ўзбек ва турк тилларини ҳам аниқлаш мумкин. Қозоқ олимлари ушбу технологияни яратиш учун ярим йил вақт сарфлади.

— “Siri” ёки  “Алиса” овоз ёрдамчилари каби ишлайдиган дастурни синаб кўриш учун сайтга ўтиш, “ёзув” тугмасини босиш ва беш сония ичида гапириш керак бўлади, — дейди маълумотлар таҳлилчиси Саида Мусахўжаева. — Мутахассислар таъкидлашича, тизим кичик хатоларга йўл қўймоқда. «Биз лойиҳани ресурси кам, маълумоти етарли бўлмаган тилларни ҳам рақамлаш, инглиз ва рус тиллари каби аниқлашни кўзладик. Мақсадимиз — нафақат туркий, балки дунёдаги барча тилларни қамраб оладиган ягона модел яратиш. Ҳозирча дастуримизга фақат инглиз ва рус тиллари киритилган.

Лойиҳа муаллифларининг дастурдан умиди катта. Янги технология айнан туркий тиллар нутқини аниқлашнинг биринчи умумий ва ишончли модели бўлиши, шунингдек, бошқа дастурчилар учун старт майдончасига айланиши мумкин, деб ҳисобланмоқда. Ҳар қандай дастурчи асос маълумоти ва кодни эркин топиши, кейин шахсий лойиҳасини яратиши мумкин. Ақлли тизимлар ва сунъий онг институти директори Ҳусейн Атакан Варолнинг сўзларига кўра, ушбу технологияларнинг бари Қозоғистон электрон ҳукуматида қўлланиши мумкин.

— Очиқ кўринишда бўлгани боис, ушбу дастурларни бепул юклаб олиш мумкин, — дейди у. — Ҳар қандай иҳлосманд шахсий дастурий таъминотини яратиши ёки бизнинг ишланмамизни такомиллаштириши мумкин.

ЎзА