Маълумки, жорий йилнинг 31 январь куни Янгиҳаёт туманида зўрлик ва қотиллик аломатлари билан 12 ёшли қизнинг мурдаси топилди.

Бош прокуратура матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, мазкур ҳолат юзасидан Янгиҳаёт тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в,з» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши бўйича гумонланувчи шахс (29 ёшли эркак) Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

Мазкур жиноят юзасидан Халқаро пресс клубда ташкил этилган навбатдаги сессияда Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор Гулнора Маъруфова қуйидагиларни маълум қилди.

«Янгиҳаёт туманида содир этилган жиноятдан ҳамон ўзимга келолмаяпман, – дейди Гулнора Маъруфова. – Бу хабар барчани ларзага келтирди. Мана, нега биз қонунчиликни кучайтиряпмиз, қонунга итоат этилишини сўраяпмиз?! Бугун бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича муҳим ишлар олиб бориляпти. Жиноятларни камайтириш учун тегишли қонунчиликка ўзгартиришлар киритилиши хусусида ҳам бир қанча тортишувлар, ҳар томонлама ёндашувлар бўляпти. Аммо руҳий томондан, иқтисодий томондан зўравонликлар кўпаяётганлигини ҳам айтиб ўтишим керак».

«Бир нарсани яхши билишимиз керакки, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси қизларимизни кўчада, мактабда қайсидир маънода ҳимоя қилишга масъулдир, – дейди Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова. – Лекин уларнинг хавфсизлигини таъминлайдиган ташкилотлар бу борада ўзларининг ишларини пухта олиб боришса, яхши бўларди. Биз афсуски, аёлларга ўтказилаётган тазйиқ-зўравонликнинг олдини олишда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси бунга масъул, деб ўйлаймиз. Лекин, яна бир бор айтаман. Бу борада хотин қизларни хавфсизлигини таъминлашда масъул ташкилотлар бор».

 

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА